Давлат хизмати учун истиқболли кадрларни хорижда тайёрлаш амалиёти натижа бера бошлади

15:47 - 12 декабр 2022 Янгиликлар
738

Сўнги йилларда мамлакатимизда кадрларни тайёрлаш, уларнинг энг муносибларини давлат хизматига очиқ ва шаффоф тамойилларга асосланган тизим орқали ишга жалб қилиш, шунингдек, узлуксиз малакасини ошириб бориш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон учун халқаро стандартларга асосланган ва нуфузли олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида замонавий кадрларни, шу жумладан, ёшларни мақсадли тайёрлаш ҳамда истиқболли давлат хизматчиларини чет элда таълим олишларини рағбатлантириш ҳамда таълим олганидан сўнг муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сонли Фармони билан Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 7 январдаги ПФ-1694-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш «Умид» жамғармаси ташкил этилиб, 1997-2003 йилларда жамғарма грантлари асосида 828 нафар ёшлар (363 нафари бакалавриат, 465 нафарига эса магистратура дастурларида) хорижда таҳсил  олган.

“Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий мақсади – иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларнинг хориждаги нуфузли олий таълим, илмий тадқиқот муассасаларида таълим олишини ташкил этиш, замонавий билимга эга янги авлод кадрларини шакллантириш, шунингдек, хориждаги ватандошлар билан доимий алоқа ўрнатиш орқали уларни мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга фаол жалб этишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралда “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6168-сон  Фармони (кейинги ўринларда – Фармон) қабул қилиниб, мамлакатимиз ёшларини хорижий таълим муассасаларига ўқишга юбориш тизими такомиллаштирилди ва бу борада бир қатор янгиликлар ва енгилликлар жорий этилди.

Хусусан, мазкур Фармонга асосан, очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари Жамғарманинг асосий таълим дастурлари ҳисобланиши ҳамда Жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодларни саралаш танлови мунтазам равишда ва Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун, уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъий назар очиқ тарзда амалга оширилиши белгиланди.

 Жумладан, 2018-2022 йиллар давомида жами 1502 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшлар ҳамда соҳа мутахассисларининг жамғарма стипендиати сифатида хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилди.

Стипендиатлар дунёнинг жами 40 дан ортиқ давлатида, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг 330 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олиб, бугунги кунда 1062 нафари мамлакатимизга қайтиб келиб, турли соҳаларда, хусусан таълим, илмий-тадқиқот, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа, тармоқларида самарали фаолият олиб бормоқда.

ХОРИЖДА ТАЪЛИМ ОЛИБ ҚАЙТГАН СТИПЕНДИАТЛАРНИНГ ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИ КЕСИМИДА ТАҲЛИЛИ

Бугунги кунда 440 нафар стипендиатлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби давлатларда бакалавриат, магистратура, ординатура ҳамда докторантура дастурларида ўқишларини давом эттирмоқдалар.

Фармон билан жорий этилган янги тизимга кўра, Жамғарманинг стипендия танловлари:

  • мунтазам равишда;
  • Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун;
  • номзодларнинг иш ва ўқиш жойидан қатъий назар;
  • очиқ тарзда амалга оширилади.

 

Жамғарма стипендия танловларида иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Фармон билан тасдиқланган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни очиқ саралаш танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ўз ҳужжатларини махсус электрон тизим орқали юборади.

Маълумот учун: Саралаш танловида иштирок этиш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби низомнинг 3-бандида белгиланган.

“Эл-юрт умиди” жамғармасининг Васийлик кенгаши томонидан номзодларни танлов асосида саралаб олиш йўналишлари ва Жамғарма таълим дастурлари бўйича таълим соҳалари кесимида квоталар ажратиш учун истиқболли ҳамда талаб юқори бўлган мутахассисликлар рўйхати белгиланади.

Жамғарма таълим дастурлари бўйича саралаш икки босқичда амалга оширилади:

1-босқич номзодларнинг ҳужжатларини низомда белгиланган талаблар асосида қабул қилиш, таҳлил қилиш ва рўйхатга олишни назарда тутади.

Алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим шартлардан бири, бу номзодларнинг, TНE (Thе Timеs Нighеr Educаtiоn Wоrld Univеrsity Rаnkings), QS (Quаcquаrеlli Symоnds Wоrld Univеrsity Rаnkings), Thе U. S. №еws аnd Wоrld Rеpоrt (Bеst Glоbаl Univеrsity Rаnkings) ва ARWU (Acаdеmic Rаnking оf Wоrld Univеrsitiеs) каби халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингнинг энг илғор 300 та (ёки танлаб олинган фан бўйича етакчи 100 та) таълим ва илмий муассасалар рўйхатидан жой олган хорижий таълим, илмий ҳамда бошқа муассасаларга ўқишга кириши ва ушбу муассасалардан таклифнома хати (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе)га эга бўлиши ҳисобланади.

2-босқичда номзодлар билан хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни, шунингдек, давлат тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказилиши назарда тутилади.

Очиқ саралаш танловидан муваффақиятли ўтган номзодлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиати деб эътироф этилади ҳамда уларга белгиланган тартибда сертификатлар топширилади.

Жамғарма стипендияларининг хорижда таълим олиш билан боғлиқ қуйидаги харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади:

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимиз фуқаролари, шу жумладан, ёшларига хорижда таълим олиш учун барча имкониятлар яратилган. Шунингдек, таълим билан боғлиқ деярли барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Фикримизча, мазкур яратилган имкониятлар замонавий билим, тажрибага эга бўлган кадрларни етиштириш ва келгусида давлат хизмати учун энг муносибларини жалб қилиш учун хизмат қилади.

 
Абдурахмон Умаров,

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими

 

Чоп этиш