Давлат хизматини ривожлантиришда хусусий сектор билан тажриба алмашиш жараёнлари синовдан ўтказилмоқда

10:21 - 10 феврал 2023 Янгиликлар
452

Бугунги кунда давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар сиёсати янги босқичга олиб чиқилмоқда. Бунда ташкилотнинг ходимлар билан ишлаш мутахассисларининг салоҳияти муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда Инсон ресурсларини бошқариш ва салоҳиятини ривожлантириш борасида хусусий сектор ташкилотларининг ўзига хос амалий тажрибасини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ташаббуси билан бугун давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлар билан ишлаш бўйича мутахассислари учун вилоятдаги “Lactalis Agro” МЧЖ корхонасининг HR тизими амалиёти билан танишиш мақсадида ўқув семинари ташкил этилди.

Мазкур ишлаб корхона 90 йиллик тарихга эга бўлган Франциянинг таниқли халқаро “Lactalis” консернининг Ўзбекистондаги тармоғи ҳисобланади. “Lactalis” консерни дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида 270 та ишлаб чиқариш корхоналарига эга. “Lactalis”  бренди Ўзбекистонга 2019 йилда сут маҳсулотлари бозорига кириб келган. Бугунги кунда асосий ишлаб чиқариш корхонаси Наманган вилоятида жойлашган бўлиб, унда 250 дан ортиқ ходимлар фаолият олиб бормоқда.

Семинарда Агентлик филиал раҳбари ўринбосари И.Ходжиев ҳамда “Lactalis Agro” МЧЖ  корхонаси Ходимлар билан ишлаш бўлими менежери З.Енгалычева ва мутахассис Л.Шарахмедовалар иштирок этди. 

“Lactalis Agro” МЧЖ корхонаси мутахассислари томонидан заводнинг HR тизими, яъни корхонага ишга қабул қилишда танлов жараёнлари, қабул қилинган ходимларни ишга мослаштириш, улар билан доимий ишлаш, малакасини ошириш ва шахсий ривожланишга йўналтириш, ходимларни тўғри рағбатлантириш шу билан бирга кадрлар захираси билан ишлашда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиш бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашдилар.

Бундан ташқари, бугунги кунда ташкилотдаги замонавий инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўйича мутахассислар қандай талабларга жавоб бериши кераклиги тушунтирилди.

Семинар савол-жавоблар, ўзаро музокаралар билан конструктив руҳда ўтди.

Чоп этиш