Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича ўқув-семинар ташкил қилинди
Самарқанд вилоятининг давлат органлари ва ташкилотларидаги Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими масъул ходимлари учун янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича ўқув-семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи деб белгиланган.
Шунга мувофиқ, Агентлик ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан мунтазам равишда давлат органлари ва ташкилотларининг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлимлари раҳбар ва ходимларининг фаолияти мониторинг қилиб борилади ҳамда уларнинг билим, малака ва кўникмасини ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ҳамда тренинг машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилган.
Самарқанд вилоятида ҳудудий ташкилотларнинг Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиқларига 3 кун (20 соат) га мўлжалланган оффлайн ҳамда туман (шаҳар) бўлимида фаолият юритаётган масъул ходимлар учун онлайн (ZOOM платформаси орқали) семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгаши, вилоят Адлия бошқармаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда Самарқанд вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси масъул ходимлари мавзу юзасидан маъруза билан иштирок этишди.
Семинар давомида иштирокчиларга янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг эски кодекс билан тафовутлари тушунтириб берилди. Айниқса, бугунги кунда масъуллар учун долзарб бўлган мавзулар, масалан, давлат хизматчилари неча календарь куни меҳнат таътилига чиқарилиши, жамоа ва меҳнат шартномалари янги Кодексга асосан қайта тузилиши юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ушбу ўқув-семинар масъулларнинг ҳуқуқий жиҳатдан билим ва кўникмаларини ривожлантиришга, иш жараёнида юзага келаётган муаммоли вазиятларга ечим топишга хизмат қилади.
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги Самарқанд вилоят филиали