Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Унда Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ташкилотнинг таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.
Дастлаб Агентлик директорининг биринчи ўринбосари, Жамоатчилик Кенгаши раиси Отабек Хасанов ўтган даврда Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасидаги ислоҳотлар, ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг, ташкилотнинг 1- ярим йилликда амалга оширган ишлари, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан таҳлилий маълумот берилди.
Жумладан:
— Агентликнинг давлат фуқаролик хизматига кириш имкониятларини кенгайтириш, очиқ танловларни ўтказишда шаффофликни тўлиқ таъминлаш, инсон омилини қисқартириш, “Давлат хизматчиси” мобил дастурини жорий этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, HRM.ARGOS.UZ тизими ҳамда Давлат фуқаролик хизматига салоҳиятли ёшларни жалб қилиш ва давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари битирувчиларининг вазирлик, идораларга стажировкаларини ташкил этиш масалалари юзасидан;
— Секторлар раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизими ва рейтинг натижалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар, samaradorlik.uz платформаси фаолияти юзасидан;
— Маъмурий ислоҳотлар жараёнида вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мавжуд ҳолатни ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида кўрилаётган чоралар юзасидан;
— Агентлик масъул вакиллари томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг раҳбарлик лавозимларига истиқболли ва салоҳиятли бошқарув кадрларни саралаш ва тайёрлаш бўйича “100 нафар энг илғор етакчи” дастурини йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юзасидан;
— Давлат фуқаролик хизматчиларнинг манзилли ва самарали малака оширишини ташкил этишдаги долзарб ҳолатлар, жумладан, вазирлик ва идоралар қошидаги малака ошириш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари юзасидан маълумот берилди.
Қолаверса, Жамоатчилик Кенгашида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастурида назарда тутилган давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш йўналишидаги вазифалар ижросини таъминлаш учун кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Кенгаш аъзолари ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Йиғилиш давомида Жамоатчилик кенгашининг 2023 йил 2-ярим йиллик иш режаси бир овоздан тасдиқланди.