Давлат фуқаролик хизматида очиқлик ва ҳисобдорлик муҳим
Бугун Миллий матбуот марказида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ташкилот раҳбарияти, масъуллари, ОАВ ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилиш тизими фаолияти, платформага киритилаётган ўзгаришлар ҳақида жамоатчиликка маълумот берилди.
Хабарингиз бор, давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишга туширилган Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz фаолият юритмоқда.
Портал орқали жорий йилда республиканинг 70 та вазирлик ва идоралари ҳамда 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 19 407 та вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилиб, ушбу вакант лавозимларга жами 554 187 нафар номзод томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар топширилган.
Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп танловлар Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари йўналишида — 2 765 та, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимида — 2 592 та, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида — 1 974 та, Ёшлар ишлари агентлиги — 1 950 та ўтказилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп танловлар Андижон (2357 та) Самарқанд (2 202 та) ва вилоятларида ўтказилган бўлиб, шунингдек, Фарғона вилоятида — 1 702 та, Сурхондарё вилоятида — 1 630 та, Қашқадарё вилоятида — 1 549 тани ташкил этмоқда.
Якунига етган танловлар бўйича 7 471 нафар малакали номзодлар давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди.
Танлов ғолибларининг 2 664 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 2 627 нафари аёллар, 1 211 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади.
Илғор хорижий тажрибалар ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммолардан келиб чиқиб, Агентлик томонидан танлов босқичларини доимий такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда тажрибали экспертларни жалб қилган ҳолда очиқ танловлар жараёнида номзодларнинг билимини синовдан ўтказиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари учун мўлжалланган ягона “Давлат фуқаролик хизматчиси” тест саволлари тўпламини ишлаб чиқди.
Тест саволлари тўплами қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
— миллий қонунчилик;
— давлат тили;
— ахборот коммуникация технологиялари;
— мантиқ, яъни IQ.
Тест синови давомида номзодга ҳар бир йўналиш бўйича 10 тадан жами 40 та савол ҳавола этилади ҳамда жавобларни белгилаш учун 60 дақиқа вақт берилади. Маълумот учун, илгари 40 та саволга 50 дақиқа вақт ажратилар эди.
Саволлар тўплами вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари ва номзодларнинг таклифлари асосида янада такомилига етказилди.
Шунингдек, тестлар тўпламидаги саволлар босқичма-босқич Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz платформасига жойлаштириб борилмоқда. Айни вақтда ҳар бир саволлар блокидан 20 тагача бўлган саволлар порталнинг “Тест саволлари” бўлимига жойлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, тестлар тўпламидаги саволлар таркиби мунтазам равишда янгилаб борилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб, танловларнинг тест синови босқичига ягона ўтиш бали белгиланади. Бунда номзод томонидан 56 балл тўпланган тақдирда автоматик равишда унинг порталдаги шахсий кабинетига танловнинг суҳбат босқичига ўтганлиги ҳақидаги хабар келади.
Яна бир муҳим янгилик. Эндиликда номзодлар томонидан тест синови жараёнида 56 балл тўпланган тақдирда, улар 3 ой (90 кун) мобайнида танловларнинг тест синови босқичида иштирок этишлари шарт эмас. Яъни, 1 декабрь куни тест синовига кириб, 56 балл тўплаган номзод 3 ой давомида шу балл билан бошқа вакант лавозимлар учун танловларда иштирок этиши мумкин. Бунда номзод ҳужжатлари малака талабларига жавоб берган тақдирда автоматик суҳбат босқичига ўтганлиги юзасидан хабар олади. 55 балгача тўплаган номзод ҳар гал ўрнатилган тартибда тест синовида қатнашиши шарт бўлади.