Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Унда Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ташкилот раҳбарияти, таркибий бўлинмалар масъуллари ва мутахассислари иштирок этди. Йиғилишда Кенгаш аъзолари фаол қатнашди.
Дастлаб Агентлик директорининг ўринбосари, Жамоатчилик Кенгаши раиси Амиртемурхон Мусаев ўтган даврда Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасидаги ислоҳотлар, ташкилотнинг 2023 йилдаги фаолияти юзасидан маълумот берди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилгани таъкидланди.
Vacancy.argos.uz портали орқали ўтказилган танловларда 10 000дан ортиқ малакали кадрлар ишга қабул қилинди, zaxira.argos.uz портали, hrm.argos.uz электрон платформаси ишга туширилди. Давлат хизматчиларининг фаолият самарадорлигини баҳолаш бўйича samaradorlik.uz ҳамда zaxira.argos.uz электрон платформалари ишлаб чиқилди.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасида натижа кўрсатганлар орасидан Салоҳиятли кадрлар захирасига саралаб олинди, номзодлар Агентликнинг тавсиясига асосан турли даражадаги раҳбарлик лавозимларига тайинланмоқда.
Бундан ташқари, “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурининг битирувчилари Миллий кадрлар захирасига киритилди. Ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари фаолияти баҳоланиб, уларнинг рейтинги шакллантирилди. Инсон ресурсларини ривожлантириш борасида бир нечта нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди, хорижий малака ошириш курслари ва хизмат сафарлари ташкил этилди.
Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар инсон ресурсларига масъул идоралари раҳбарлари йиғилиши, Тошкент шаҳрида “Давлат хизматида иқтидорларни қўллаб-қувватлаш масалалари” мавзусида йирик халқаро давра суҳбатлари ўтказилганлиги ҳам маълум қилинди.
Шундан сўнг, кун тартибига қўйилган қатор масалалар муҳокамаси бошланди.
Агентликнинг Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти томонидан давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини яратиш, танлов иштирокчилари ва ғолиблари ҳақидаги таҳлилий маълумотлар, танлов комиссияси аъзоларининг малакасини ошириш, шунингдек, кадрлар захирасини шакллантириш бўйича маълумот берилди.
Агентликнинг Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти масъуллари йўналишда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб берди, натижа ва мавжуд муаммоларни ўртага ташлади.
Йиғилиш давомида Жамоатчилик кенгашининг 2024 йил 1-ярим йиллик иш режаси муҳокама қилинди, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.