Инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида Корея билан ҳамкорлик ривожланмоқда

04:00 - 23 май 2024 Янгиликлар
476

Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) президенти Ким Че Хван бошчилигидаги делегация ва Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилди. 

Учрашувда 2022-2024-йилларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва NHI ҳамкорлигида давлат хизматини рақамлаштириш бўйича масъул раҳбарлар учун ташкил қилинган малака ошириш дастурлари сарҳисоб қилинди. Уларнинг самараси ва натижалари муҳокама қилинди.

Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти Президенти Ким Че Хван Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Мулоқот давомида, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш, 2023 йил октябрь ойида имзоланган Англашув меморандуми доирасидаги тадбирлар кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, кейинги йилларда:

◽️давлат хизматчилари учун Кореяда қисқа муддатли стажировка ва малака ошириш дастурларини амалга оширишни кўпайтириш;
◽️раҳбар кадрлар компетенцияларини баҳолаш (ассесмент) маркази фаолиятини ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилиш;
◽️кореялик мутахассислар иштирокида семинар-тренинг ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ушбу йўналишларни акс эттирган амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга ва амалга оширишга келишишди. 
 

Чоп этиш