“Ҳокимликка тайёрлаш мактаби” дастури тингловчилари Германияда стажировка ўтамоқда
Аввал хабар берганимиздек (https://t.me/argos_uz/13409), давлат ташкилотларидаги масъул раҳбарлик лавозимларига илғор хорижий тажрибалар асосида захира яратиш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат бошқаруви академияси, Ханнс Зайдел жамғармаси ва Бавария Давлат бошқаруви мактаби билан ҳамкорликда “Ҳокимликка тайёрлаш мактаби” қўшма таълим дастурини амалиётга жорий қилганди.

Тингловчилар биринчи босқичда Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олди ва якунда (Ўзбекистонда) ўз ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича лойиҳа ишини махсус Комиссия олдида ҳимоя қилди.
Иккинчи босқич эса Бавария Давлат бошқаруви мактаби билан келишувга асосан, тингловчиларни илғор хорижий тажрибалар билан яқиндан таништириш мақсадида Германияда ташкил этилди.
Айни кунларда тингловчилар давлат бошқаруви, инсон ресурсларини ривожлантириш, ижтимоий хизматлар, савдо, фан, таълим, маданият, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва инфратузилма, соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгариши ҳамда маҳаллий бошқарув соҳасида ўзаро тажриба алмашишмоқда.