Халқпарвар, халққа очиқ раҳбарларга — халқнинг ўзи кўмаклашади

09:54 - 27 май 2024 Янгиликлар
372

Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда уларни раҳбарликка мақсадли тайёрлаш бўйича ўқувлар давом этмоқда.

Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасида давлат бошқарувининг самарадорлиги кўп жиҳатдан раҳбар кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ бўлади. Шу асосда бугунги кунда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматига салоҳиятли раҳбар кадрларни жалб қилиш, захирасини шакллантириш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириш, бу орқали раҳбар кадрларнинг сифат таркибини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги раҳбарлик лавозимларига салоҳиятли ва истиқболли номзодларни излаб топиш, уларни саралаш, кўникмаларини ошириш ҳамда юқори лавозимларга тавсия этиш бўйича янгича ёндошув асосида қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳудуд, туман (шаҳар) ва маҳалла даражасида фаолият олиб бораётган ва муайян ютуқларга эришган, зарур билим ва кўникмаларга, етарли иш тажрибасига ва аҳоли орасида обрў-эътиборга эга бўлган раҳбар кадрлар орасидан 1167 нафари Миллий кадрлар захирасига киритилди. Бугунги кунга қадар Давлат бошқаруви академиясида 685 нафар номзод ўқитилди.

Сараланган ҳар бир номзоднинг шахсий ва касбий фаолиятига оид маълумотлари, билим ва кўникмалари даражаси ҳамда психологик ҳолатини ўзида акс этувчи портфолиоси шакллантирилди.

Бунда Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар томонидан бир йилга мўлжалланган Шахсий ривожланиш режалари ишлаб чиқилди ва бажарилиши Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мониторинг қилинмоқда.

Маълумот учун: Шахсий ривожланиш режаси мустақил тарзда турли шаклдаги ўқув курслари ва илмий-амалий тадбирларда иштирок этиш, ижодий фаолият, хорижий тилларни ўрганиш ва китоб мутолаасини ўз ичига олади.

Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун Давлат бошқаруви академиясида 56 соатлик махсус ўқув курслари ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг 27 май кунидан бошлаб, Миллий кадрлар захирасига киритилган 60 нафар номзод учун навбатдаги ўқувлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, Давлат бошқаруви академиясида республика даражасидаги раҳбар кадрларнинг шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган 56 соатлик қисқа муддатли малака ошириш курслари бўлиб ўтмоқда. Ҳозирда вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг Марказий аппаратларида фаолият кўрсатаётган 800 нафар бошқарув кадрлари ўқувларга жалб этилган.

Ўқув курси давомида тингловчиларнинг турли йўналишларда компетенциялари янада оширилади, раҳбарлик кўникмалари ривожлантирилади.  Маданий тадбирлар доирасида музей ва театрларга ташриф буюрилди.

Чоп этиш