Қариндошнинг судланганлиги — шахсга давлат фуқаролик хизматига киришда тўсиқ бўлмайди

09:38 - 10 июл 2024 Янгиликлар
990

Куни-кеча Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокамаси бўлиб ўтди.

2023 йил 30 апрелдаги Референдум якунлари бўйича қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди. Хусусан, Конституциянинг 37-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги белгиланди, Конституциянинг 28-моддасида эса «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас» деган қоида киритилди.

Бундан ташқари, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қабул қилинди, меҳнат соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунларнинг нормаларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқиб, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунга ва Меҳнат кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунга ва Меҳнат кодексига қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ва уни ўташ чоғида фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шуни таъқидлаш лозимки, шахс ҳуқуқларини асоссиз чеклаш, жумладан, судланганлиги муносабати билан чеклаш мумкин эмаслиги БМТнинг 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт нормаларида умумий ҳолда белгиланган. Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги умумий ҳолда Польша, Сербия, Испания ва бошқа давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши — янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқаролар ҳимояси ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришига хизмат қилади.

 

Шухрат МАМАДЖАНОВ,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

департамент мудири ўринбосари

Чоп этиш