Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали фаолияти юзасидан жамоатчиликка маълум қилинди

16:56 - 6 ноябр 2024 Янгиликлар
115

Бугун АОКАда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Севара Закирова иштирокида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали фаолияти юзасидан брифинг ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, бугун Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ порталиvacancy.argos.uz га бугунги кунда 68 та давлат органи ва ташкилотлари, ҳамда 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари уланган.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида ушбу ташкилотлардаги мавжуд вакант лавозимларига 30 670 та танловлар эълон қилинди. Танловларда жами 1 млн 50 минг нафар номзод танловда иштирок этиш учун ариза юборган бўлиб, битта вакант лавозимга ўртача 34 нафар номзод тўғри келмоқда.

Бугунги кунда танловларнинг 538 таси — ҳужжат топшириш жараёнида, 2 155 таси ҳужжат топшириш муддати тугалланиб тест ва суҳбат ўтказиш жараёнида, 27 977 таси бўйича эса танлов якунига етган.

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни ҳолатида, vacancy.argos.uz порталида давлат органлари ва ташкилотларидаги 310 дан ортиқ бўш иш ўринларига очиқ танловлар эълон қилинган.

Давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов орқали ишга қабул қилиш бошлангандан буён ўз тизимидаги вакант лавозимлар учун энг кўп танлов ташкил этган ташкилотлар:

— Ёшлар ишлари агентлиги;

— Оила ва хотин-қизлар қўмитаси;

— Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси;

— Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;

— Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;

— Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги;

— Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;

— Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;

— Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимида – 1 781 та вакант лавозимларга портал орқали эълон берилди.

Танловлар ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон Республикаси – 1 436 та, Андижон вилояти – 2 317 та, Бухоро вилояти – 1 994 та, Жиззах вилояти – 1 317 та, Қашқадарё вилояти – 3 111 та, Навоий вилояти – 3 767 та, Наманган вилояти – 1 711 та, Самарқанд вилояти – 3 028 та, Сирдарё вилояти – 1 369 та, Сурхондарё вилояти – 2 015 та, Тошкент шаҳар – 1 324 та, Тошкент вилояти – 1 783 та, Фарғона вилояти – 2 712 та, Хоразм вилояти – 1 640 та ҳамда вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати – 1 146 та танловлар ўтказган.

Танлов якунига етган 27 977 та вакант лавозимларнинг 16 825 таси (60%) малакали ходимлар билан жамланди, 11 152 та (40%) вакант лавозимларга эса қайта танлов эълон қилинди.

Танлов ғолибларининг 6 025 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 5 918 нафари аёллар, 2 723 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади.

Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали орқали эълон қилинаётган танловлар юзасидан саволлар ва таклифлар юзага келганда Агентликнинг 71-239-34-76 рақамли телефони ёки Телеграм тармоғидаги vacancy_argos_bot орқали мурожаат қилиш мумкин.

 

Чоп этиш