Фарғонада инсон ресурсларини бошқариш бўйича бўлажак менежерлар билан очиқ мулоқот ўтказилди, улар Агентликка таклиф этилди
Ҳабарингиз бор, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали ташаббуси билан Фарғона давлат университетида 2024-2025-ўқув йили учун Инсон ресурсларини бошқариш таълим йўналиши ташкил қилинган.
Ушбу йўналишга 25 нафар талаба қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда улар ходимларни бошқариш, инсон ресурсларини ривожлантириш, баҳолаш, меҳнат муносабатларини бошқариш йўналишларида билим олишмоқда.
Бугун Филиал биносига ушбу талабалар таклиф этилди. Уларга Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумот берилди. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кадрларни очиқ танлов орқали қабул қилиш тизими, ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш йўналишида амалга оширилган ишлар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Аҳамиятлиси, талабалар бўш иш ўринларига тест ва суҳбат жараёнларини кузатишди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Мулоқот сўнггида талабаларга давлат хизматчиси ўқиши лозим бўлган китоблар тақдим қилинди.