Бухорода иш берувчилар вакиллари ва талабалар учун мулоқот майдони яратилди
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали ташаббуси билан Бухоро давлат университетида ташкил этилган мулоқотда вилоят бошқарма ва ташкилотларнинг кадрлар билан ишлаш тузилмалари раҳбар ва ходимлари, битирувчи курс ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.
Мулоқот талабаларни кадрлар сиёсати соҳасидаги ислоҳотлардан хабардорлигини ошириш, вакант лавозимлар очиқ портали фаолияти билан яқиндан таништириш, уларга иш берувчилар вакиллари билан мулоқот майдони яратиш мақсадида ташкил қилинди.
Учрашув аввалида давлат фуқаролик хизмати тушунчаси, соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, давлат хизматига киришнинг шаффоф ва адолатли танлов тизими бўйича батафсил маълумот берилди. vacancy.argos.uz платформаси орқали вакант лавозимга ҳужжат топшириш тартиби ёшларнинг бевосита иштирокида амалга оширилди.
Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликлар ҳам тақдимот қилинди.
Учрашув қизғин, савол-жавоб ва муҳокамаларга бой тарзда ўтди.