“Раҳбар аёллар мактаби” махсус малака ошириш дастурининг янги мавсуми бошланди

14:45 - 20 январ 2025 Янгиликлар
137

Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да “Раҳбар аёллар мактаби” янги мавсумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган дастурда Олий Мажлис аъзолари, Президент Администрацияси вакиллари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари, ўқув дастури иштирокчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.  

Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли фармонида раҳбарлик лавозимларига Миллий кадрлар захирасидан номзодларни тавсия этишда хотин-қизларнинг номзодларини инобатга олиш тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган. 

Фармон билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурининг 42-бандида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Мазкур топшириқ ижроси бўйича бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган 143 нафар ёш раҳбар аёллар ўқитилди. Ўқувлар якунларига кўра тингловчилар Миллий кадрлар захирасига киритилди. Ҳозирда дастурда иштирок этган хотин-қизларнинг 32 нафари юқори раҳбарлик лавозимларига тайинланди.

Шунингдек, жорий йилнинг август-ноябрь ойларида Агентлик томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда 4-мавсум саралаш жараёнини ташкиллаштириш ишлари амалга оширилди.

Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган хотин-қизлар орасидан 300 нафар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тавсияси билан юқори натижа кўрсатган, етук ва ташаббускор 250 нафар аёл мактаб директорлари саралаб олинди. Бунда, жами 550 нафар салоҳиятли хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди.

Саралаб олинган номзодларнинг билим даражасини аниқлаш учун ўтказилган Миллий кадрлар захираси тест синовларидан муваффақиятли ўтган 141 нафар хотин-қизлар билан жорий йилнинг 14-21 ноябрь ҳамда 16-20 декабрь кунлари Комиссия суҳбатлари ташкил этилди. Тест синовлари ва суҳбат натижаларига асосан, энг юқори натижаларга эришган 100 нафар хотин-қизлар “Раҳбар аёллар мактаби”нинг янги мавсуми ўқувларида иштирок этиш учун тавсия этилди.

Дастурнинг 4-мавсуми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида такомиллаштирилган дастур асосида ташкил этилмоқда. Янги мавсум “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури режаси 12 ҳафтага мўлжалланган бўлиб, аудитория машғулотлари, маҳорат дарслари, маҳаллий стажировка (дублёрлик), вазирлик ва марказий идораларда стажировка, лойиҳа ишини тайёрлаш ва уни ҳимоя қилиш босқичларидан иборат.

Очилиш маросимида сўз олганлар бугун малакали бошқарув кадрларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш, хусусан, хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувида муҳим қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, салоҳиятли раҳбар аёллар корпуси учун номзодларни мақсадли тайёрлаш муҳим эканлигига алоҳида урғу беришди. Дастурнинг мақсад ва вазифалари моҳияти очиб берилди.

 - Ўқув дастур давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган раҳбар аёлларнинг стратегик фикрлаш, тадбиркорлик, молиявий саводхонлик, тизимли таҳлил, сунъий интеллект асослари ва лойиҳаларда қўлланилиши, муаммоларни манзилли ҳал этиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган, - дейди Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Фарангиз Авазбекова. - Дарс машғулотларига Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, тижорат банкларининг тажрибали раҳбар ва мутахассисларини жалб этиш режалаштирилган.

Дастур якуни бўйича ўқувларни муваффақиятли тамомлаган хотин-қизларни хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари ва компанияларида малака ошириш (стажировка ўташи)ни ташкил этиш кўзда тутилган. 

“Раҳбар аёллар мактаби” дастури доирасида тингловчилар Миллий кадрлар захирасига киритилади ва давлат фуқаролик хизматидаги юқори турувчи лавозимларга тавсия этиб борилади.


Агентлик Ахборот хизмати

 

 

 

Чоп этиш