Давлат фуқаролик хизматидаги раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни мақсадли тайёрлаш тизими йўлга қўйилди
Хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб масаласидир. Миллий сиёсатимиз марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат. Шавкат Мирзиёев
Хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий фаоллиги ва давлат бошқарувида қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, хотин-қизларнинг ўз зиммасидаги вазифалар ижросига масъулият билан ёндашиши, улардаги ишчанлик салоҳияти, мулоқот кўникмалари, тезкор ва қатъиятлик билан қарор қабул қила олиш маҳорати, бу жараёнларда бошқа инсонлар фикрларини ҳам инобатга олиб, хулоса қила олиш хусусияти – давлат хизматида уларнинг ўзига хос ўрин тутишини намоён қилади.
Шу туфайли, давлат бошқарувида хотин-қизлар салмоғини ошириш, хусусан, салоҳиятли раҳбар аёллар корпусини шакллантириш – давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Таъкидлаш керак, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан очиқ танловлар йўлга қўйилганидан сўнг амалда барча учун бир хил талаблар белгиланди, иш берувчи, кадрлар бошқармаси вакиллари ва номзодлар ўртасидаги инсон омили чекланди. Бу албатта, хотин-қизларнинг давлат хизматига кириш имкониятларини янада кенгайтирди.
Рақамларда фикримизни асослайдиган бўлсак, авваллари аёллар давлат хизматига кирганларнинг 5-8 фоизини ташкил этган бўлса, энди танлов ғолибларининг қарийб 34 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Аниқроқ қилиб қайд этсак, бугунги кунга қадар очиқ танловларда 3,7 млн нафар номзодлардан аризалар келиб тушган бўлса, шулардан 20 фоизини аёллар ташкил этди. Мазкур танловларда ғолиб бўлган 78 900 нафар фуқароларимизнинг 26 300 нафари (33%) хотин-қизлардир. Буни кадрлар сиёсатидаги катта ютуқ сифатида эътироф этсак бўлади.
Шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан республикамизда раҳбарлик лавозимлар учун шакллантирилган Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар салмоғи 2023 йилга нисбатан 2 баробар оширилди.
Таъкидлашимиз жоиз, эндиликда “Маҳалладан — республикагача” тамойили асосида хотин-қизлар ҳам юқори лавозимларга тайинланмоқда. Хусусан, янги тизимга кўра, маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан 1 000 нафари Салоҳиятли кадрлар резервига саралаб олинди. Номзодлар учун махсус Дастур тайёрланди, малакаси оширилди ва уларни турли масъул лавозимларга тайинлаш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан 29 та республика ижро этувчи ҳокимият органларида ҳамда уларнинг Сирдарё вилоятидаги 7 та ҳудудий бошқармасида фаолият олиб бораётган 83 нафар хотин-қизлар учун синов тариқасида мослашувчан иш режими апробациясиядан муваффафиятли ўтказилди. Эндиликда, давлат хизматида барча учун шундай мақбул режимларни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, бугунги кунга қадар хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига мақсадли тайёрлашга қаратилган “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурининг 3 та мавсуми доирасида 143 нафар аёллар ўқитилди. Ўқувлар якунига кўра, ушбу тингловчилар Миллий кадрлар захирасига киритилди.
Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда жорий йилнинг август-ноябрь ойларида “Раҳбар аёллар мактаби” дастурининг 4-мавсуми учун номзодларни саралаш жараёни ўтказилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган хотин-қизлар орасидан 300 нафар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тавсияси билан юқори натижа кўрсатган, етук ва ташаббускор 250 нафар аёл мактаб директорлари саралаб олинди. Бунда жами 550 нафар салоҳиятли хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди.
Саралаб олинган номзодларнинг билим даражасини аниқлаш учун ўтказилган Миллий кадрлар захираси тест синовларидан муваффақиятли ўтган 150 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлар ташкил этилди. Тест синовлари ва суҳбат натижаларига асосан энг юқори натижаларга эришган 100 нафар хотин-қизлар “Раҳбар аёллар мактаби”нинг янги мавсуми ўқувларида иштирок этиш учун тавсия этилди. Ҳозирда ўқув жараёнлари бўлиб ўтмоқда.
Қайд этиш жоиз, Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун бугунги кунда раҳбарлардан иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича кўпроқ билимлар талаб қилинмоқда.
Эътиборли жиҳати, ушбу мавсумнинг ўқув дастури такомиллаштирилди, хусусан, дастур рақамли иқтисодиёт, аҳолини камбағалликдан чиқариш, тадбиркорлик экотизими ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш сунъий интеллект асослари ва лойиҳаларда қўлланилиши, муаммоларни манзилли ҳал этиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган мавзулар билан янада тўлдирилди.
Бундан ташқари, дарс машғулотларига ўз амалий тажрибалари билан бўлиш ва шахсий намуна сифатида юқори лавозимдаги раҳбарлар, вазирликлар ва идоралар, тижорат банкларининг тажрибали раҳбар ва мутахассисларини жалб этиш режалаштирилган.
Бу эса кўп сонли номзодлар орасидан сараланган хотин-қизларизни юқори раҳбарлик лавозимларига мақсадли тайёрлашда энг замонавий билимлар асосида малака ошириш жараёнлари ташкил этиш имкониятини беради.
Албатта, Гендер тенгликка эришиш стратегиясида ҳам бошқарувда аёлларнинг сонини босқичма-босқич ошириш бўйича вазифаларимиз белгиланган.
Мақсадимиз 2030 йилга келиб, давлат фуқаролик хизматида хотин-қизларнинг нафақат сонини, балки уларнинг билим ва салоҳиятини янада ошириш, шунингдек, аёл давлат хизматчиларнинг узлуксиз касбий ва шахсий ривожланиши учун мақбул самарали тизим орқали уларни раҳбарлик лавозимларига мақсадли тайёрлашнинг шаффоф ва самарали тизимини такомиллаштиришдир.
Хабарингиз бор, “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳанинг IV бўлими Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналишининг 81-мақсадида Давлат хизматининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни мақсадли тайёрлаш тизимини яратиш, бунда иқтидорли хотин-қизлар орасида “Раҳбар аёллар мактаби”га қабул доирасида мақсадли танловлар эълон қилиниб, 100 нафар хотин-қизларнинг махсус ўқув дастури асосида бошқарувга оид кўникмаларини ошириш, онлайн ўқувлар орқали 20 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг билимлари ва касбий кўникмаларини ошириш назарда тутилмоқда.
Давлат хизматида хотин-қизларни салоҳиятини оширишга йўналтирилган тизимлар эса бевосита давлат хизмати сифатига ва натижадорлигига таъсир ўтказади. Албатта, ушбу дастур – мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий хабардорлик даражасини ошириш, касбий билимларини юксалтириш ҳамда давлат хизматида аёллар учун ўзаро тажриба ва малака алмашишга қулай ижтимоий мулоқот майдони вазифасини ўтайди.
Шу асосда, мазкур тизим энг салоҳиятли хотин-қизларни давлат хизматига янада кенг жалб қилиш, умуман олганда, аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Фарангиз АВАЗБЕКОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)