Сурхондарёда семинар ташкил этилди, унда секторлар фаолиятини самарали ташкил этишнинг асосий кўрсаткичлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 август куни “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 536 – сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан баҳолаш бир йилда бир маротаба — ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралига қадар амалга оширилиб, натижаси бўйича таҳлилий маълумотнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва халқ депутатлари Кенгашларига киритилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сурхондарё вилояти филиали томонидан Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида семинар ташкил этилиб, ушбу қарор билан белгилаб берилган вазифалар, кўрсаткичларнинг аниқланиши ва шакллантирилиши, баҳолаш ишлари қандай тартибда амалга оширилиши юзасидан тушунтириш берилди.
Семинарда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят 3-сектор раҳбари Абдивоҳид Исмоилов, бошқарманинг масъул раҳбар-ходимлари, Термиз шаҳри ва туманларнинг 3-секторлари раҳбар ҳамда котиблари иштирок этди.
Ушбу қарор ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» билан ишлаш юзасидан амалга оширилаётган фаолиятга баҳо бериш ҳамда ўзларининг фидокорона меҳнати билан намуна кўрсатган секторларни муносиб рағбатлантириш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди.
Семинарда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан вазифалар белгилаб олинди.