“Ягона электрон ахборот-таҳлил тизими дастури-аппарат комплекси" такомиллаштирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сон Фармонига мувофиқ Агентлик томонидан миллий кадрлар захираси, вакант лавозимлар ва уларга тайинлаш учун ўтказилаётган танловлар, давлат органлари ва ташкилотларининг сон ва сифат таркиби тўғрисидаги ахборот маълумотлар базасини шакллантириш учун давлат фуқаролик хизмати соҳасига “Ягона электрон ахборот-таҳлил тизими дастури-аппарат комплекси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Мазкур дастури-аппарат комплексини ишлаб чиқиш ва давлат фуқаролик хизмати соҳасига жорий этиш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилган.
Бугунги кунда давлат фуқаролик хизматини рақамлаштириш тенденциясининг асосий йўналишларидан бири бу – хорижий давлатларнинг фуқаролик хизмати соҳасига инсон ресурсларини бошқаришнинг электрон тизимлари (Human Resource Management Systems, HRMS)ни жорий этиш долзарб бўлиб қолмоқда. Шунга кўра, Агентлик томонидан амалиётга жорий этилган дастури-аппарат комплексини тўлиқ такомиллаштириш ҳамда давлат фуқаролик хизматига доир жараёнларни рақамлаштириш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда.
Бунда, илғор хорижий давлатларнинг фуқаролик хизмати соҳасидаги жараёнларини рақамлаштиришга доир тажрибаларини ўрганиш ва таҳлил қилган ҳолда амалиётга жорий этиш мақсадида бир қатор нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликда онлайн-семинарлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурсларини ривожлантириш офиси томонидан жорий этилган ахборот тизимларига оид тақдимот ташкил этилди.
Ушбу онлайн-семинарда Инсон ресурсларини ривожлантириш офисининг Лойиҳалар ва ахборот технологиялари департаменти бош таҳлилчиси А. Шаҳин ҳамда Давлат хизматлари департаменти лойиҳа менежери А. Кочак томонидан Uzaktan Eğitim Kapısı, Yetenek Kapısı, Kariyer Kapısı каби ишлаб чиқилган платформалар бўйича тақдимот ўтказилди.
Унга кўра, yetenekkapisi.org платформаси ёшлар, иш берувчилар ҳамда давлат хизматчиларининг ўзаро мулоқот қилишига имкон бериши, шунингдек, у орқали 5 163 нафар иш берувчи томонидан 1 000 та университетнинг 919 786 нафар талаба ва битирувчилари учун бўш иш ўринлари, карьера моделининг имкониятлари ва улар томонидан амалиёт ўташлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, платформа орқали амалиёт ўташ учун ариза топширган номзодлар профессионал, ижодий, ижтимоий ва жисмоний компетенциялари бўйича баҳоланади ҳамда ушбу маълумотлар иш берувчиларга номзодларнинг шахсий маълумотларисиз юборилади. Шу тариқа номзодлар фақатгина малакасига қараб баҳоланади ҳамда уларга тенг имкониятлар яратилади.
Бундан ташқари, мазкур платформа иш ўринлари, касбга бўлган талаб ҳамда юқори малакали кадрларни етиштириб берадиган олий таълим муассасаларига оид катта маълумотларни (big data) ўзида мужассамлаштирган бўлиб, бу ўз навбатида турли йўналишларда статистик маълумотларни олиш ва улар асосида давлат бошқарувининг соҳалари бўйича мос сиёсатни ишлаб чиқиш имконини беради. Бундай амалиётни мамлакатимизнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасига қўлланиши, хусусан, статистик маълумотларни олиш, давлат хизматига киришда рақобат юзага келиши ва энг муносиб кадрлар танланишига хизмат қилади.
Мазкур мавзудаги навбатдаги онлайн-семинар 17 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси кўмагида Корея Республикасининг Инсон ресурсларини бошқариш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Онлайн-семинарда Корея Республикасининг давлат хизматчиларини бошқаришда улар томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилга электрон-ахборот тизими “e-Saram” фаолияти билан танишилди.
Унда, e-Saram гуруҳи директорининг ўринбосари К. Линнинг тақдимоти айнан шу мавзуга бағишланган бўлиб, дастлаб Корея Республикасининг Инсон ресурсларини бошқариш вазирлиги фаолияти ва ташкилий тузилмаси, давлат хизматчиларининг таснифланиши, шунингдек Электрон ҳукумат тизимига ўтиш йўлидаги ислоҳотлар ҳақида қисқача маълумот берилди.
Шу билан бирга, “e-Saram” тизимининг асосий таркибий модуллари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтилди. Хусусан, мазкур тизим орқали кадрларнинг давлат хизматига киришидан бошлаб нафақага чиқишига қадар жараёнларини ягона электрон тизим доирасида бажарилиши ҳамда уларни соддалаштирилишига оид ахборотлар тақдим этилди.
Онлайн-семинар якунида иштирокчилар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимларига кадрларни очиқ танлов асосида қабул қилиш, ушбу ахборот тизимини ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, шунингдек давлат хизматчиларини психологик баҳолаш натижаларини автоматик равишда акс эттириш имкониятлари мавжудлиги тўғрисида бир қатор саволлар берилди ҳамда уларга тегишли жавоб олинди.
Агентлик томонидан амалиётга жорий этилган дастури-аппарат комплексини тўлиқ такомиллаштириш ҳамда давлат фуқаролик хизматини рақамлаштиришга доир масалалар юзасидан жорий йилнинг февраль ва март ойларида илғор хорижий давлатларнинг фуқаролик хизмати соҳасига оид тажрибалари ҳамда улар томонидан ишлаб чиқилган ахборот тизимларини ўрганиш давом этади.