Замонавий HR менежер: очиқ мустақил танловлар ва ахборот тизимлари ҳақида нималарни биласиз?

14:56 - 21 феврал 2022 Янгиликлар
1276

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан шу мавзуда давра суҳбати ташкил этилди.

Хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви ва хўжалик функцияларини бирга қўшиб олиб бориш амалиётидан воз кечиш, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан чоралар кўрилмоқда

Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ, мустақил танлов асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги  “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш, танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган.

Ўтган давр мобайнида Жиззах вилоятининг жами 14 та маҳаллий ҳокимият ва 40 та ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари билан очиқ мустақил танловлар ташкил этилди.

Бугунги кунга келиб ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларида 2 минг 138 та вакант ўрин учун танловлар якунланган бўлса, 246 та вакант ўрин учун танловлар ҳали давом этмоқда. Шунингдек, 141 та вакант ўрин учун ҳужжатлар қабул қилиш босқичи ўтказилмоқда. 

Якунланган танловларда 19 минг 282 нафар номзоднинг аризалари кўриб чиқилган бўлса, давом этаётган танловларга 3 минг 740 та ариза келиб тушган. 6 минг 531 нафар номзод танловнинг тест босқичига, 4 минг 360 нафари танловларнинг суҳбат босқичига ўтказилди. 696 нафар танлов ғолиби билан меҳнат шартномалари имзоланди.

Давра суҳбатида Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси ва вилоят прокуратураси масъул ходимлари томонидан Меҳнат кодексида ходим ва иш берувчи муносабатларининг ҳуқуқий асослари, ягона миллий меҳнат тизими (ЯМТТ)дан фойдаланиш, юритиш ва интеграция масалалари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошида тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўтказиб келинаётган очиқ мустақил танловлар ҳолати юзасидан ўрганишлар натижаси муҳокама этилди. 

Давра суҳбатида очиқ мустақил танловлар тизимини такомиллаштириш ва янада шаффофлигини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

 

 

 

Чоп этиш