Фарғонада ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, секторлар фаолиятини янада яхшилаш юзасидан семинар ташкил этилди
Фарғона вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Б.Исломов, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.Хасанов, шунингдек, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда сектор раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларининг 2021 йил якуний натижалари муҳокама қилинди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб сектор раҳбарларининг KPI натижалари — маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолиятларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари билан бевосита боғланиши маълум қилинди. Сектор раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларининг ҳамкорликда фаолиятини тизимли йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.Хасанов секторлар фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари - KPI натижаларига тўхталиб, 2021 йилда йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама қилди, уларни бартараф этиш бўйича муҳим тавсиялар берди.
Жорий, 2022 йилда фаолиятни тизимли йўлга қўйиш, йўналишлар бўйича йўл хариталарини белгилаш, зарур ресурсларни манзилли йўналтириш, намунали иш ташкил этган сектор раҳбарини рағбатлантириш, уларни хорижий давлатларга стажировкага юбориш, қизил ҳудудга тушган сектор раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар кўриш каби масалаларга тўхталиб ўтилди.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ҳар бир раҳбар ва давлат хизматчиларининг масъулиятини ошириш бўйича муҳим кўрсатмалар берилди.