Лавозимга янги тайинланган туман (шаҳар) сектор раҳбарлари учун ташкил этилган махсус семинар-тренингнинг тўртинчи босқичи бошланди
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда аҳолининг муаммоларини жойида, туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этишни таъминлашга қаратилган яхлит тизим яратилди.
Ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этишда бошқарув қарорларини қабул қилиш, иш вақтини самарали тақсимлаш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш каби кўникмаларга эга бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Сектор раҳбарларининг секторлар ишини ташкил этишдаги фаолияти самарадорлигини янада ривожлантириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг апрель ойи давомида семинар-тренинг ташкил қилинди.
Ўқувнинг 1-босқичида (4-8 апрель кунлари) Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Самарқанд вилояти, 2-босқичида (11-15 апрель кунлари) ўтказилган семинар-тренингларда Андижон, Фарғона ва Жиззах вилоятлари, 3-босқичида (18-22 апрель кунлари) Навоий, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм вилоятларининг сектор раҳбарлари иштирок этди.
Тўрт босқичда ўтказиладиган мазкур ўқув машғулотининг жорий йилнинг 25-29 апрель кунлари ташкил этилган 4-босқичида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикасидан туман (шаҳар) сектор раҳбарлари жалб қилинди.
Очилиш маросимида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.Хасанов ҳам иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар мазмун-моҳияти, сектор раҳбарларининг маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликда ишни йўлга қўйиш масалаларига тўхталди.
Ўқув давомида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишлари ва мақсадлари, ҳудудларда секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора тадбирлари, сектор раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари, натижаларни ҳисобга олиш ва баҳолашнинг асосий мезонлари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликни ташкил этиш каби мавзуларда 20 дан ортиқ тренинглар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмалари профессионал жиҳатдан янада ривожлантирилади.
Шунингдек, назария ва амалиёт яхлитлигини таъминлаш учун тингловчиларга Тошкент шаҳрининг Олмазор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида машғулотлар ташкил этилди.
Махсус ўқув курснинг якунида ўтилган мавзулар ва соҳага доир тест синови ўтказилди ҳамда ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган иштирокчилар сертификат билан тақдирланди.
Ҳар бир босқичи 5 кундан давом этган, 4 босқичли ўқув курсида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг лавозимга янги тайинланган жами 152 нафар туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.