“Раҳбар аёллар мактаби”нинг навбатдаги мавсуми учун номзодларни саралаш давом этмоқда

16:22 - 19 декабр 2024 Янгиликлар
215

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли фармонида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган.

2023 йилдан буён ташкил этилаётган “Раҳбар аёллар мактаби” дастурининг учта мавсумида 144 нафар хотин-қизлар малака ошириш курсларида иштирок этди.

Дастурнинг тўртинчи мавсуми учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган 125 нафардан зиёд таълим муассасалари раҳбарларининг  рўйхати шакллантирилди. Комиссия томонидан малака талабларига мос келадиган ҳамда тест синовларида етарли балл тўплаган 56 нафар номзод суҳбат босқичига ўтди.

Бугун Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимларидан иборат Комиссия томонидан саралаб олинган мактаб директорлари билан суҳбат жараёнлари бошланди.

Суҳбат натижаларига кўра, фаолияти ижобий, ташаббускор, ўз соҳаси бўйича билим, кўникмалари етарли 50 нафар хотин-қиз Дастур доирасида малака ошириш имкониятига эга бўлади.  

Ўқув дастури 2025 йил январь ойидан бошланиши режалаштирилган.

Чоп этиш