Фарғонада “Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳаси ташкил этилади
Хабарингиз бор, давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишда “ФАРҒОНА ТАЖРИБАСИ” йўлга қўйилган.
Ўтган йил давомида давлатимиз раҳбарининг ПҚ-4354-сон қарори асосида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона филиали ва Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Ҳамкорлик доирасида анъана сифатида ҳар йили май ойида вилоятдаги давлат органларии ва ташкилотлари ҳамда уларда фаолият олиб бораётган давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида “Энг намунали китобхон давлат фуқаролик хизмати”, “Энг яхши китобхон давлат фуқаролик хизматчиси”, “Энг бой кутубхонага эга давлат фуқаролик хизмати” ва “Энг яхши китобхон раҳбар” номинациялари бўйича кўрик-танловларни ташкил этиш белгиланди ва юқори савияда ташкил этилди.
Ушбу амалий ишларнинг давоми сифатида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ташаббуси билан Фарғона вилояти ҳокимининг “Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун” лойиҳасини ташкил этиш ва ўтказишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Лойиҳанинг мақсади — давлат хизматчилари ўртасида касбий малака ва кўникмаларни доимий равишда ривожлантириб бориш, китобхонликка жалб қилиш, улар орасида мутолаа маданиятини ошириш ҳамда ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Лойиҳа доирасида дастлаб давлат хизматчилари кутубхонага аъзо бўлади. Сўнг улар учун буктюбер, буктрейлерлар намойиш этилади, “Заковатли ходим” интеллектуал викторина ўйини, “Муваффақиятлар мактаби” маҳорат дарслари ўтказилади.
Вилоятдаги давлат хизматчиларининг мутолаа маданиятини ошириш ва фаол китобхонларнинг сафини янада кенгайтириш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкилотлар билан вилоят Ахборот-кутубхона маркази ўртасида меморандум имзоланади.
Иштирокчиларнинг кутубхона бўйлаб саёҳатлари ташкил этилади.