“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун Сенатнинг Қўмита йиғилишларида муҳокама қилинмоқда

14:29 - 24 май 2022 Янгиликлар
631

​​​​​​​Бугун Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда қўмита аъзолари, экспертлар гуруҳи, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.

Унда Сенатнинг 26-ялпи мажлиси кун тартибига киритилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви функцияларини бажариш амалиётидан воз кечиш, давлат идоралари ходимлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда уларни ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича сезиларли чоралар кўрилмоқда.

Ушбу янги амалиётларни қонунчиликда акс эттириш мақсадида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди. Мазкур Қонунда давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, ушбу Қонун давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилаб, тўғридан-тўғри таъсир этиш кучига эга.

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати фақат давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалалар қонунда мустаҳкамалаб қўйилишига эришилади.

Муҳокамалар натижасида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Чоп этиш