Давлат идоралари раҳбар кадрлари Самарқандда малака оширди

10:58 - 14 июн 2022 Янгиликлар
584

Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларидаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар кадрлари учун бир ҳафталик малака ошириш курси Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиалида ташкил этилди.

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат бошқаруви академияси ва унинг ҳудудий филиали ҳамкорлигида ташкил  этилган ўқувда Самарқанд вилоятидан иқтисодий комплекс раҳбарлари – вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси, инвестиция ва ташқи савдо ҳамда вилоят бўйича ғазначилик бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилояти филиаллари ходимлари иштирок этди.

Малака ошириш курси давомида тингловчиларга 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти, Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги туб ўзгаришлар, давлат хизматида ҳалоллик стандартлари, замонавий менежмент усуллари каби мавзуларда Давлат бошқарув академияси ва унинг ҳудудий филиали профессор-ўқитувчилари томонидан маърузалар ўқилди, вебинарлар ўтказилди.

Тингловчиларнинг соҳа юзасидан амалий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида “Самарали мулоқот”, “Бошқарув кўникмалари”, “Тайм-менежмент”, “Жамоани шакллантириш” каби мавзуларда тренинг машғулотлари ҳам ўтказилди.

— Ўқув давомида тингловчиларга назарий, амалий билимлар уйғунлашган ҳолда ўргатилиши уларнинг касбий компетенцияларини мустаҳкамлаш, бошқарув маҳорати ва кўникмасини ривожлантиришга ёрдам беради, — деди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори Р. Умарова. — Қисқа муддатли малака ошириш курси давомида раҳбарлар олган билим, малака ҳамда кўникмалари улар бошқариб келаётган ташкилотда соҳани ривожлантиришга, ташкилотдаги ходимларни ўз ваколатлари доирасида тўғри йўналтиришга ҳамда иш самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

Манба: ЎзА

Чоп этиш