18 минг нафар давлат фуқаролик хизматчиси янги Қонун мазмун-моҳияти билан бевосита танишди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Ушбу Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат. Мазкур қонун Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.

Қонуннинг 62-моддасида унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини давлат фуқаролик хизматчиларига етказиш ҳамда аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш назарда тутилган. Шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳузурида махсус Ишчи гуруҳлари тузилди.
Агентлик масъул вакиллари, сиёсатшунослар, профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳлари томонидан Қонунни кенг тарғиб қилиш, мазмун-моҳиятини энг қуйи бўғинларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига, аҳамиятини аҳолимизга етказиш мақсадида 8 - 17 август кунлари 57 та вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратлари ҳамда ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги 609 та бўлинмаларида тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилди. Уларда жами 18 минг нафар давлат фуқаролик хизматчиси иштирок этди.
Тарғибот жараёнларида давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, хизматчиларнинг касбий компетенциясини узлуксиз ошириб бориш, давлат фуқаролик хизматчиси фаолияти асослари, давлат фуқаролик хизматчисининг ижтимоий ҳимояси каби муҳим йўналишларда маълумот берилмоқда. Ишчи гуруҳлар аъзолари томонидан иштирокчиларни қизиқтираётган саволларга жавоб берилмоқда. Шунингдек, давлат хизматчилари томонидан берилаётган таклифлардан қонуности ҳужжатларни ишлаб чиқишда фойдаланилмоқда.
Қонун моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали 2 мингга яқин интервью, суҳбат, кўрсатув, репортажлар, тарғибот роликлари тайёрланиб, эфирга узатилди. Қонун моҳияти юзасидан “Халқаро пресс- клуб”нинг махсус сессияси тақдим қилинди. Шунингдек, АОКАда матбуот анжумани ташкил этилиб, унда қонун ижодкорлари, ижрочилар ва масъул вазирлик, идоралар вакиллари иштирок этди.
Қолаверса, Қонун тарғиботи юзасидан ижтимоий тармоқларда 2500 га яқин хабар, муносабат, инфографика ва шарҳлар эълон қилинди.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.