"Маҳалладан-республикагача": “Келажак лидерлари” дастури доирасида навбатдаги малака ошириш курси бошланди

15:04 - 7 ноябр 2022 Янгиликлар
477

Жорий йилнинг 4 август куни Давлатимиз раҳбари раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилишда “маҳалладан-республикагача” тамойили асосида маҳаллада фаолият юритган кадрларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш ва тавсия этиш кўрсатмаси берилган эди. 

Шу мақсадда “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда ушбу йўналишларни мувофиқлаштирувчи лавозимларда фаолият олиб бораётган кадрлар ичидан 50 нафари саралаб олинди ва  бугун улар учун малака ошириш курси бошланди. 

Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган махсус дастур назарий, стажировка-дублёрлик, маҳаллада амалиёт каби босқичлар асосида шакллантирилди. 

Шунингдек, тингловчилар нафақат тажрибали профессор-ўқитувчилардан билим олади, балки 14 та ҳудуддаги мавжуд муаммоларнинг ечимини биргаликда топади, тўплаган тажрибаларини ўзаро алмашади.  

Малака ошириш курсининг очилиш маросимида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат бошқаруви академияси раҳбарияти иштирок этиб, тингловчиларга ўқув курсининг мақсад ва вазифаларини тушунтирди. Дастур ишида муваффақият тилади. 

Малака ошириш курси жорий йилнинг 17 декабрга қадар давом этади. 
 

Чоп этиш