Давлат фуқаролик хизматида фаолият самарадорлигини баҳолаш: хорижий тажриба, миллий амалиёт  

15:15 - 29 ноябр 2022 Янгиликлар
3412

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи давомида ҳар бир давлат хизматчисининг фаолиятида самарадорлик ва натижадорлик бўлиши кераклигини алоҳида таъкидламоқда.

Хусусан, мамлакат раҳбарининг Натижадорлик ҳаммамиз учун бош талаб, асосий мезонга айланмоқда”[1] “Амалий натижадорлик ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони бўлади”[2], “Ҳозирги кунда давлат фуқаролик хизматида 118 минг киши меҳнат қилаяпти. Лекин, натижадорлик бўйича айтганда, ҳали давлат хизмати халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ”[3] каби даъватлари шулар жумласидандир.

Таъкидлаш лозимки, ўтказилган таҳлиллар, мутахассислар томонидан билдирилган фикрларга кўра, бугунги кунда давлат органлари ҳамда унда фаолият кўрсатаётган давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятида айрим муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, фаолиятга хос бўлмаган ортиқча вазифа ва функциялар юклатилаётганлиги, баҳолаш бўйича ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги, аниқ мезонлар ва индикаторларнинг белгиланмаганлиги ҳар бир давлат органининг, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг натижадорлиги ҳамда самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ана шу муаммо ва камчиликларни бартараф қилиниши бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва улар асосида фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга эҳтиёж юзага келмоқда.


KPI тарихи ва унинг амалиётга жорий этилиши
 

Халқаро тажрибада давлат хизматининг самарадорлик кўрсаткичлари KPI – Key Performance Indicators – энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб келинмоқда.

KPI – бу ташкилот (идора, муассаса ва корхона)лар ва хизматчилар фаолиятини белгиланган талаб даражасида олиб борилишини ёки белгиланган мақсадга эришишни назорат қилувчи, баҳоловчи самарадорлик ёки натижадорлик кўрсаткичи деб ҳам юритилади. Қисқача айтганда, KPI - белгиланган мақсад бўйича “ўлчов мосламаси” ҳисобланади.

Инглиз тилида мазкур тушунчалар “самарадорлик кўрсаткичлари” (“performance indicators”), “энг муҳим натижадорлик кўрсаткичлари” (“key results indicators - KRI”) ва “муваффақиятнинг муҳим факторлари” (“critical success factors”) каби тушунчалар билан изоҳланади.

KPI ҳақидаги илк тушунчалар ХХ асрнинг 50-йилларида Питер Друкернинг “Мақсадга сари бошқариш” ғояси асосида шакллана бошлади.

Унинг фикрича, натижадорликка эришиш учун самарадорлик кўрсаткичлари билан алоҳида шуғулланиш керак. Раҳбарларни кундалик ишлар билан банд қилмасдан, белгиланган устувор вазифалар ҳамда асосий мақсад сари фаолият олиб бориши учун самара берадиган кўрсаткичлар билан шуғулланиш кераклигини таъкидлаган.

KPIга қараб раҳбар ва ходимларни моддий рағбатлантириш орқали иш самарадорлигини янада ошириш тизими Европада дастлаб 1970 йилларда рўй берган иқтисодий инқироз даврида вужудга келган. Сабаби, Франция, Германия, Португалия каби Европа давлатларида давлат хизматчиларининг иш ҳақлари хусусий сектордагиларга нисбатан анча паст бўлган. Иш ҳақини ошириш учун эса солиқларни янада ошириш талаб қилинган.

Таъкидлаш лозимки, иқтисодий инқироз даврида солиқларни ошириш эмас, аксинча хусусий секторга имтиёзлар бериш орқали иқтисодиётни кўтариш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шундай мураккаб вазиятда малакали кадрларни давлат тизимида сақлаб қолиш ва давлат бошқаруви тизимида иш самарадорликни янада ошириш учун янгича бошқарув тизимига ўтиш давр талабига айланган.
 

Ўзбекистонда KPI тизимини йўлга қўйилиши...

 

Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматида фаолият самарадорлигини баҳолашга оид дастлабки ҳуқуқий асос Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ-5843-сон “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳисобланади.

Унга кўра, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ўлчанадиган индикаторлари (энг муҳим кўрсаткичлари) тизимини жорий этиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантириш белгиланган.

Бу борада Агентлик томонидан туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарларининг ҳамда секторлар раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий қилиш асосида уларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 100 дан ортиқ семинар-тренинглар ташкил этилди.

Таъкидлаш лозимки, 2020 йилда синов тариқасида республиканинг 12 та туман (шаҳар)ларида, 2021 йилдан эса барча туман (шаҳар)ларда ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими жорий этилди ва 64 та кўрсаткичлар асосида ҳар чоракда баҳоланди.

Жумладан, 2021 йил якуни билан 80% ҳоким ўринбосарлари 2020 йилга нисбатан рейтинги яхшиланишига эришган бўлса, 2021 йил якуни бўйича ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра, жами 1202 нафар ҳоким ўринбосарларидан 782 (65%) нафари яхши, 334 (28%) нафари қониқарли, 86 (7%) нафари қониқарсиз[4] натижаларни қайд этган. Агентлик томонидан туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш ишлари тизимли равишда такомиллаштирилиб, 2022 йилдан бошлаб янгича баҳолаш тизими жорий қилинди.

Унга кўра, “Туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашнинг вақтинчалик тартиби” жорий қилинди.

Мазкур тартибга кўра, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан ҳар ярим йиллик якуни билан баҳоланади.

Шунингдек, янгича тартибга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг соҳа бўйича ўринбосарлари туман (шаҳар) ҳокимлари билан келишган ҳолда ҳисобот давридан олдин ҳоким ўринбосарларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) вазнларини ҳудуднинг салоҳиятидан ҳамда вазифаларнинг долзарблигидан келиб чиқиб белгилаш амалиёти йўлга қўйилди.

Туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги 44 та KPI кўрсаткичларидан иборат умумий 100 баллик тизимда баҳоланади.

2022 йил 1-ярим йиллик якуни бўйича баҳолаш натижаларига кўра 191 та туман (шаҳар) ҳокимларининг (Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари) 1 115 нафар ҳоким ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги баҳоланди. Ҳоким ўринбосарларининг 681 нафари (61,1%) “яхши”, 427 нафари (38,3%) “ўрта”, 7 нафари (0,6%) “паст” натижа[5] кўрсатган.

Таъкидлаш лозимки, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича KPIнинг мақсадли ва амалдаги кўрсаткичларини шакллантириш ва тақдим этилишида вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари масъул эканлиги белгиланди.

Қолаверса, Агентлик томонидан 2022 йил учун туман (шаҳар) секторлар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг “Маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) сектор раҳбарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тўғрисидаги Тартиб ишлаб чиқилди.

Мазкур янгича тартибга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида секторлар ташаббусларини баҳолаш бўйича ишчи орган (Комиссия) ташкил этилди.

Ушбу комиссия секторлар ташаббуси билан маҳаллаларда амалга оширилган ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганади ва ўн баллик тизимда баҳолайди.

Шунингдек, секторларга юклатилган вазифаларнинг самарадорлигини баҳолашдан ташқари, уларнинг соҳавий хизмат фаолияти самарадорлигининг баҳолаш натижаларини ҳам инобатга олган ҳолда умумий рейтинг шакллантирилиши йўлга қўйилди.

Янгича тартибга кўра, секторлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Бундан ташқари, МФЙ раисларининг секторлар фаолиятидан қониқиш даражаси бўйича йилда икки маротаба (июнь, ноябрь) ҳамда аҳолининг секторлар фаолиятидан қониқиш даражаси бўйича йилда бир маротаба (ноябрь) Агентлик томонидан сўровнома ўтказилиши ҳамда мазкур сўровнома натижалари умумий рейтинг шакллантирилишида инобатга олиниши белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, МФЙ раисларининг секторлар фаолиятидан қониқиш даражасини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган сўровномада республика бўйича 9 мингдан зиёд МФЙ раислари иштирок этди.

Жорий йилнинг 9 ойлик баҳолаш натижаси бўйича 820 та секторнинг 356 таси (43,4%) яхши, 464 таси (56,6%) қониқарли натижа кўрсатган бўлса, қониқарсиз натижа қайд этилмаган.

Секторлар кесимида таҳлил натижаларига кўра, жорий йилнинг 9 ойлик баҳолаш натижаларига кўра, 1-сектор бўйича 130 таси яхши, 75 таси қониқарли, 2-сектор бўйича 111 таси яхши, 94 таси қониқарли, 3-сектор бўйича 61 таси яхши, 144 таси қониқарли, 4-сектор бўйича 54 таси яхши, 151 таси қониқарли[6] ҳисобланади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20-21 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида маҳаллабай ишлаш тизимини самарали ташкил этиш бўйича Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод ва Косон туманлари сектор раҳбарлари ўртасида мусобақа ўтказиш топшириғи берилган эди.

Мазкур топшириқ ижроси таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан янги тизимни самарали ташкил этиш бўйича Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод ва Косон туманлари сектор раҳбарлари ўртасида мусобақа ўтказишнинг Вақтинчалик тартиби ишлаб чиқилди ҳамда 2022 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ички ишлар вазири, Давлат солиқ қўмитаси раиси ва Қашқадарё вилояти ҳокимининг Қўшма қарори билан тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Жорий йилнинг 2-чораги якуни билан баҳолаш якунлари шуни кўрсатмоқдаки, умумий рейтингга кўра, Ғузор тумани сектор раҳбарлари 90,5 балл, Косон тумани сектор раҳбарлари 89,3 балл, Деҳқонобод тумани сектор раҳбарлари 86,4 балл натижа қайд этган.

3-чорак якунига кўра эса, Ғузор тумани сектор раҳбарлари 88,4 балл, Косон тумани сектор раҳбарлари 88,8 балл, Деҳқонобод тумани сектор раҳбарлари 83,4 балл натижа[7] кўрсатган.

Маълумот ўрнида, маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этиш бўйича Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод ва Косон туманлари сектор раҳбарлари ўртасида мусобақа ғолибига йил якунида тумандаги маҳалла фуқаролари йиғинлари учун бино қуришга вилоят маҳаллий бюджетидан 5 млрд. сўм маблағ ўтказиб берилиши режалаштирилган.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан KPI тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” қабул қилинди.

Ушбу Стратегиянинг 10-мақсади “Давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш”га бағишланган бўлиб, давлат хизматчилари ва давлат органлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими бўйича “Миллий рейтинг” тизимини жорий этиш белгиланди.

Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан “Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш услубияти” лойиҳаси тайёрланди ва Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун киритилди.

Мазкур Услубиятда баҳолаш тизимини жорий этиш босқичлари, баҳолаш тизимини жорий этишни ташкиллаштириш, KPIнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, амалдаги KPIни ҳисоблаш, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини баҳолаш механизми, фаолият самарадорлигини баҳолашнинг бошқа методи (баҳолаш интервьюси), шикоят қилиш тартиби каби муносабатлар тартибга солинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, келгусида Услубият асосида баҳолаш тизимини жорий этилиши барча даражадаги давлат органи, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлиги “занжир услуби”да комплекс баҳоланади, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар бажарилиши битта тизимда мустаҳкамланади. Баҳолаш тизими бўйича жараёнлар тўлиқ рақамлашади.

Қолаверса, ҳар қандай рағбатлантириш, лавозимда кўтарилиш ҳамда таъсир чораларини қўллашга асос сифатида фаолият самарадорлиги натижалари ҳисобга олинади. Бутун вертикал тизим бўйлаб ҳаракатланадиган ягона баҳолаш тизими яратилади.

Бундан ташқари, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда samaradorlik.uz электрон платформаси яратилди ҳамда амалиётга жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.
 

 “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда баҳолаш тизими масалалари

Мазкур Қонуннинг 36-моддаси “Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш”га бағишланган бўлиб, унга кўра, давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш ҳамда холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш учун унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизими жорий этилади.

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Давлат органи давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш услубиятига мувофиқ фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўз ички тартибини белгилайди.

 

KPI тизимига оид хорижий давлатлар тажрибаси
 

KPI тизими асосида илғор хорижий давлатлар тажрибасида бир қатор ютуқларга эришилганлиги кузатилади. Мазкур хорижий амалиётни ўрганиш натижасида миллий тажрибада қўлланиши мумкин бўлган жиҳатлар кўзга ташланади.

XX асрнинг 90-йилларига келиб, Буюк Британия, Нидерландия, Канада, АҚШ каби давлатлар биринчилардан бўлиб, KPI тизимидан давлат хизматчиларининг иш самардорлигига қараб моддий рағбатлантиришда фойдалана бошлади. Аввал бу тизим ўрта ва юқори бўғин раҳбарларида синовдан ўтказилди ва 2004 йилда бутун Европа мамлактлари давлат хизматчилари учун ташкилот мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда KPI тизими татбиқ этилди.

Давлат хизматчилари фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичлари бўйича рағбатлантириш тизимини амалга ошириш ҳамда унинг муваффақиятли ишлаши учун Европа мамлакатларида алоҳида қўмиталар ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки бугунги тезкор ахборот ва глобаллашув даврида бошқарув кадрлари тизимида KPI механизмини тўғри қўллаш, кутилаётган натижага эришишда, давлат ва жамиятнинг ривожланишида ижобий самара беради.

Бу янги баҳолаш тизими бугунги янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлари босқичида зарур. Чунки давлат ривожида малакали ва профессионал кадрларнинг ўрни беқиёс. Баҳолаш тизимини шаффоф ишлаши ҳар бир давлат хизматчисининг қўлида. Тизим қанчалик адолатли йўлга қўйилса, бу фақат халқ фаровонлигига хизмат қилади.

 

Асрор Мухитдинов,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг

қилиш ва баҳолаш департаменти мудири

 


[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, 24.01.2020 president.uz/uz/lists/view/3324.

[2] Амалий натижадорлик ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш – асосий мезон 21.01.2020 president.uz/uz/lists/view/3305.

[3] Ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш вазифаси қўйилди 04.08.2022 president.uz/uz/lists/view/5398.

[4] 2021 йил якуни бўйича баҳолаш натижалари асосида тайёрланган маълумотлар асосида

.[5] 2022 йилнинг 9 ойлик баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган маълумотлар асосида.

[6] 2022 йилнинг 9 ойлик баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган маълумотлар асосида.

[7] 2022 йилнинг 9 ойлик баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган маълумотлар асосида.

 

 

 

 

Чоп этиш