Давлат хизматчилари фаолият самарадорлигини баҳолаш — давр талаби
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида эндиликда барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилишини маълум қилди.
Қайд этиш лозимки, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2020 йилда синов тариқасида Республиканинг 12 та туман (шаҳар)ларида, 2021 йилдан эса барча туман (шаҳар)ларда ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими жорий этилди.
Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш ишлари тизимли равишда такомиллаштирилиб, 2022 йилдан бошлаб баҳолашнинг янгича тизими асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан ҳар ярим йиллик якуни билан баҳоланмоқда.
Қолаверса, Агентлик томонидан “Маҳаллабай” ишлаш тизимини самарали ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) сектор раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги баҳолаб борилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг ҳамда МФЙ раисларининг секторлар фаолиятидан қониқиш даражасини аниқлаш мақсадида йилда икки маротаба (июнь, ноябрь) Агентлик томонидан сўровнома ўтказилмоқда ҳамда мазкур сўровнома натижалари умумий рейтинг шакллантирилишида инобатга олинмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” қабул қилинди.
Ушбу Стратегиянинг 10-мақсади “Давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш”га бағишланган бўлиб, давлат хизматчилари ва давлат органлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими бўйича “Миллий рейтинг” тизимини жорий этиш белгиланди.
Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан “Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш Услубияти” лойиҳаси тайёрланди ва ушбу ҳужжат қонунчиликда белгиланган тартибда манфаатдор идоралар билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун киритилди.
Мазкур Услубиятда баҳолаш тизимини жорий этиш босқичлари, баҳолаш тизимини жорий этишни ташкиллаштириш, KPIнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, амалдаги KPIни ҳисоблаш, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини баҳолаш механизми, фаолият самарадорлигини баҳолашнинг бошқа методи (баҳолаш интервьюси), шикоят қилиш тартиби каби муносабатлар тартибга солинмоқда.
Таъкидлаш лозимки, келгусида Услубият асосида баҳолаш тизимини жорий этилиши барча даражадаги давлат органи, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлиги “занжир услуби”да комплекс баҳоланади, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар бажарилиши битта тизимда мустаҳкамланади. Баҳолаш тизими бўйича жараёнлар тўлиқ рақамлашади.
Қолаверса, ҳар қандай рағбатлантириш, лавозимда кўтарилиш ҳамда таъсир чораларини қўллашга асос сифатида фаолият самарадорлиги натижалари ҳисобга олинади. Бутун вертикал тизим бўйлаб ҳаракатланадиган ягона баҳолаш тизими яратилади.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда “samaradorlik.uz” электрон платформаси яратилди ҳамда амалиётга жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.
Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этилиши келгусида аҳолининг иқтисодий-ижтимоий муаммоларини самарали ҳал этишга хизмат қилиши билан биргаликда, ҳар бир давлат органлари ва ташкилотларининг олдига қўйилган вазифа ва функцияларни юқори суръатларда бажарилишига замин яратади ҳамда халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳо бўлиб ҳисобланади.
Асрор Мухитдинов,
Агентликнинг Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти мудири