“Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш Услубияти” тасдиқланди

13:56 - 29 декабр 2022 Янгиликлар
2708

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 36-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлигини баҳолашга бағишланган бўлиб, унда давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш ҳамда холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш учун унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизими жорий этилиши белгиланди.

 

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти махсус ваколатли давлат органи (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги) томонидан белгиланиши тартибга солинган эди.

Мазкур Қонун талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш Услубияти” лойиҳаси тайёрланди ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда манфаатдор идоралар билан келишилган ҳолда, бир неча муҳокамалар, таклифлар ва тавсиялар асосида такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди ҳамда https://lex.uz/pdfs/6329831 сайтида эълон қилинди.

Ушбу Услубият 9 та боб, 37 та банддан иборат бўлиб, унда умумий қоидалар, баҳолаш тизимининг босқичлари, давлат органларида баҳолаш тизимини жорий этиш, ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва баҳолаш, амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини баҳолаш механизми, баҳолаш интервьюси, шикоят қилиш тартиби ҳамда якуний қоидалар билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мазкур Услубиятнинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш бўйича давлат органининг ўз ички тартибини белгилашга нисбатан татбиқ этилади.

Шунингдек, давлат органида баҳолаш тизимини амалга ошириш босқичлари белгиланмоқда.

Унга кўра, биринчи босқич – давлат органида мазкур Услубият асосида баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

Баҳолаш тизими жорий этиладиган таркибий тузилмалар, шунингдек, ҳудудий ва идоравий мансуб ташкилотлар ва уларнинг таркибий бўлинмаларининг, шу билан бирга лавозимларнинг рўйхатини;

ЭМСКга қўйиладиган талаблар, уларни ишлаб чиқиш ва ҳисоблаш тартибини;

Баҳолаш тизимини жорий этиш ва ишлашини мониторинг қилиш бўйича масъул таркибий тузилмани белгилашни;

баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг ЭМСКни баҳолаш натижаси бўйича рағбатлантириш чораларининг нисбатини;

ЭМСКга эришилишини ҳисоблаш даврийлигини (ойлик, чораклик, ярим йиллик, йиллик);

иккинчи босқич – баҳоланувчи раҳбар фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

учинчи босқич – давлат органи раҳбари ўринбосарлари йиғма ЭМСКларидан келиб чиқиб, баҳоланувчи раҳбар фаолиятининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш, шунингдек, баҳоланувчи раҳбарнинг йиғма ЭМСКдан келиб чиқиб, баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш;

тўртинчи босқич – баҳолаш натижаларига кўра, рағбатлантириш чорасини қўллаш.

Ундан ташқари, давлат органи раҳбарнинг қарори билан Баҳолаш тизимини жорий этиш ва мониторинг қилиш бўйича (қоида тариқасида, давлат органининг биринчи раҳбарига бўйсунувчи тузилмалар орасидан, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида Ахборот-таҳлил гуруҳлари) марказий аппаратнинг Масъул таркибий тузилмаси белгиланади.

Давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг иш фаолияти хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда давлат фуқаролик хизматчиси фаолияти ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва баҳолашнинг алоҳида схемалари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти самарадорлиги бўйича:

60 баллдан кам бўлганда – “қониқарсиз”;

60 баллдан 80 баллгача – “қониқарли”;

80 баллдан 100 баллгача – “яхши”;

100 балл ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланиши таснифланмоқда.

Қайд этиш лозимки, баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш натижасига кўра, давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва давлат органининг ички тартибига мувофиқ унга рағбатлантириш чоралари қўлланилади ҳамда унинг холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилиши таъминланади.

Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини ЭМСК асосида баҳолаш натижасига кўра, “яхши” ва “аъло” деб баҳоланган тақдирда давлат органи раҳбари томонидан қуйидаги қўшимча рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин:

биринчи навбатда лавозимда ўстириладиган номзодлар қаторига киритиш;

лавозимда ўстириладиган потенциал номзодлар қаторига киритиш;

малака даражасини навбатдан ташқари бериш;

номоддий тусдаги рағбатлантириш;

берилган интизомий жазо чорасини олиб ташлаш;

бошқа рағбатлантириш чоралари белгиланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш ишларини ташкил этишда юзага келадиган муаммоларни бартараф қилиш бўйича муносабатлар ҳам тартибга солинмоқда. Унга кўра, баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижасидан норози бўлган тақдирда юқори турувчи раҳбарга ёзма ёки электрон шаклда шикоят қилиши мумкинлиги тартибга солинмоқда.

Бунда, юқори турувчи раҳбар шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича тасдиқланган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижасини ўзгаришсиз қолдириш ёки тасдиқланган ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичлари ва амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш ва баҳолаш натижасига ўзгартиришлар киритиши мумкин бўлмоқда.

Умуман олганда, мазкур Услубиятнинг амалиётга жорий этилганлиги келгусида давлат органи олдига қўйилган вазифа ва функцияларни сифатли таъминлаши билан биргаликда, бу орқали аҳолининг оғирини енгил қилиш ҳамда самарали меҳнат учун адолатли рағбат механизми белгилаб бермоқда.

Чоп этиш