Республика бўйлаб қуйи бўғиндаги давлат хизматчилар малакасини оширмоқда
Йиллар давомида қуйи ижро этувчи туман (шаҳар) ҳокимликлари мутахассисларининг касбий тайёргарлигини ошириш, билим ва кўникмасини ривожлантиришга қаратилган малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари ташкил этилмаган.
Ўзбекистонда илк бор жорий йилнинг январ ойидан бошлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан республика бўйлаб қуйи бўғин давлат хизматчилари учун соҳавий қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилди.
Ўқув курсларига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги жами 1 минг 300 нафардан ортиқ туман (шаҳар) ҳокимликлари мутахассислари жалб этилган.
Mақсад — тингловчиларнинг соҳасида самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган сиёсий-ҳуқуқий, касбий билимларини ошириш, кенг жамоатчилик ва аҳоли билан самарали мулоқот қила олиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.
Мазкур курслар бевосита қуйи бўғин давлат хизматчиларининг таклифлари ва кундалик меҳнат фаолиятидаги зарурий эҳтиёжлари асосида шакллантирилган долзарб мавзулар бўйича соҳанинг тажрибали амалиётчи мутахассислари ҳамда олий таълимнинг салоҳиятли профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилмоқда.
Ривожланган, илғор хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, таҳлилар шуни кўрсатмоқдаки, Европа мамлакатларида малака ошириш курслари давлат хизматчиларининг ўз вазифаларини сифатли бажариши ҳамда профессионал ривожланиш жараёнлари узлуксиз ва мажбурий эканлиги билан характерланади.
Буюк Британияда малака ошириш давлат хизматини профессионал ривожлантиришнинг беш йиллик режалари асосида амалга оширилади. Бунда давлат хизматчилари учун зурур бўлган касбий билим ва кўникмаларга оид масалалар бўйича мавзулар ўқитилади.
Германияда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш доирасида кўплаб таълим дастурлари мавжуд. Бу дастурлар давлат хизматчиларининг бошқарув кўникмаларини такомиллаштириш ва эгаллаган лавозимларига мос малакасини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни амалга ошириш ҳамда давлат хизматининг барқарорлиги, ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан давлат хизматчисининг касбий тайёргарлиги, билим ва кўникмасига боғлиқдир. Шунга кўра, Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб боришга қаратилган тизимли ишларни амалга оширмоқда. Биргина 2022 йил давомида 90 дан ортиқ ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, унда жами 62 минг 574 нафар давлат хизматчиларининг малакаси оширилган. Ушбу кўрсаткич 2021 йилда ташкил этилган курсларга нисбатан 3.5 баробар кўп эканлигини қайд этиш лозим.