Маъмурий ислоҳотлар: вазирлик, идораларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарлари билан мулоқот қилинди

16:17 - 27 январ 2023 Янгиликлар
1754

Маъмурий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Фармонга кўра, Республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар (кейинги ўринларда – вазирлик ва идоралар) ҳамда улар ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони тасдиқланди. Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қўшимча бошқарув штат бирликларини киритиш қатъиян тақиқланди.

Вазирлик ва идоралар тизимида қисқартирилаётган 17 447 та штат бирликлари масаласи, ходимларни иш билан таъминлаш, бу йўналишдаги ташкилий чора-тадбирларни тўғри ва қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш долзарб ҳисобланади. Айнан шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги масъуллари вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мулоқотда ПФ-14-сонли Фармонига мувофиқ штатлар жадвалини тузиш, ходимларни ишга қабул қилиш, меҳнат муносабатларини давом эттириш ва бекор қилишни расмийлаштиришда эътибор қаратилиши муҳим бўлган масалалар юзасидан аниқ тушунтиришлар берилди.

Асосийси, қайта ташкил этилаётган ва бўйсинуви ўзгараётган органлардаги ходимлар билан меҳнат муносабатларини Меҳнат кодексида кўрсатилган тартибда давом этишига урғу берилди ҳамда штати бўйича эса аввал уларни малакаси ва мутахассислиги тўғри келадиган бўш иш ўринларига жойлаштириш чораларини кўриш, умуман имконсиз ҳоллардагина бўшатиш мумкинлиги ҳақида йўл-йўриқлар берилди.

Бу жараёнда асосий масъулият юклатилган кадрлар билан ишлаш бўлинмалари масъуллари ҳам меҳнат муносабатларини расмийлаштириш билан боғлиқ саволларига жавоб олишди.

Иштирокчилар мулоқот айни вақтида ташкил этилгани, Фармон ижросини таъминлашда фақат ва фақат амалдаги  қонунчиликка мувофиқ иш кўрилиши ҳақида тушунтиришлар берилганини маълум қилишди.


 

Чоп этиш