Қашқадарёлик бир гуруҳ давлат хизматчилари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди
Жойларда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбариятининг давлат хизматчилари билан очиқ мулоқотлари давом этмоқда.
Қашқадарёда ташкил этилган мулоқотда ҳам Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов вилоят бошқарма ва ташкилотларида фаолият юритаётган Кадрлар бўлинмалари масъуллари, давлат хизматчиларини тинглади.
О.Хасанов дастлаб давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида фикр билдирди, бунда давлат хизматчиларининг масъулиятини ошириш, халқ билан самарали ишлашни янада жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, Президентнинг 2022 йил 22 декабрдаги ПФ–269-сонли ҳамда 2023 йил 25 январдаги ПФ–14-сон Фармонлари ижроси таҳлил қилинди. Мақбуллаштириш жараёнини ташкил этишда юзага келаётган масалалар ўртага ташланди.
Амалдаги меҳнат қонунчилиги талаблари, унда иш берувчиларнинг ходимларни ишга жойлаштиришдаги мажбуриятлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, штат бирликлари қисқартирилган ҳар бир ходимнинг малакасига мувофиқ, тизимдаги бошқа бўш лавозимларга ишга жойлаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Иштирокчилар таклифларига асосан, маъмурий ислоҳотлар ижроси юзасидан махсус семинар ташкил этишга келишиб олинди.
Шундан сўнг, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги бир қатор мавжуд муаммолар муҳокама қилинди, турли таклифлар олинди, соҳадаги устувор вазифалар белгиланди. Халқчил давлат хизматини кўрсатишда Кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг ўрни ва роли катта эканлиги таъкидланди.