Давлат бошқаруви тизимида маъмурий ислоҳотлар — халққа ихчам ва самарали хизмат кўрсатишни таъминлайди

15:58 - 20 апрел 2023 Янгиликлар
1026

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган эзгу ғояни амалга ошириш ҳар бир соҳада муҳим аҳамият касб этмоқда.  Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада ўзига хос ҳуқуқий ечим бўлди.  Янги босқичдаги давлат бошқаруви тизимига ўтиш, маъмурий аппаратни янгилаш энг муҳим ислоҳот бўлди.

 Бугун Давлат бошқаруви академиясида “Давлат бошқаруви тизимида маъмурий ислоҳотлар: Ўзбекистон ва илғор хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида мулоқот ташкил этилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида онлайн ва оффлайн форматда ташкил этилган мулоқотда ҳамкор ташкилотлар раҳбарияти, масъул вакиллари, халқаро экспертлар, етакчи олимлар, тадқиқотчилар, давлат хизматчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида ривожланган мамлакатларнинг маъмурий ислоҳотлар бўйича тажрибалари муҳокама қилинди, соҳага оид фикр-мулоҳазалар алмашинилди, мавжуд муаммолар ҳамда истиқболдаги чора-тадбирлар таҳлил этилди.

Иштирокчиларга мамлакатимизда давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотлар, халқ билан самарали ишлашнинг қуйигача тушган механизмлари, натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимига ўтишда ижро органларини оптималлаштириш босқичлари ва жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури,  Сингапур Миллий университетининг Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, масъул вакиллари, халқаро экспертлар, етакчи олимлар, мутахассислар ҳамда тадқиқотчилар маъруза ва таклифлари билан иштирок этди.

— Ўзбекистон ҳукуматидаги жадал олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон экспертларининг ҳам нигоҳида бўлиб турибди. Хусусан, ўзим ҳам ўзгаришларни кузатаяпман. Айтишим жоиз, самарали бошқарув ва кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга тўғри ёндашув бўйича Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайман.

Сингапурда давлат хизматчилари ва рақамлаштириш соҳасида кадрларни тайёрлаш жараёни тизимли равишда ташкил қилинган. Қолаверса, Ўзбекистон давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилмоқда. 

Истиқболда ҳамкорликни ривожлантиришнинг Осиё прагматизми ва Ғарб таълимининг энг илғор йўналишларини белгилаб, давлат сиёсати, давлат хизмати, инсон ресурсларини бошқариш ҳамда халқаро алоқалар борасида узоқ дўстлик алоқаларини олиб борамиз, — деди Сингапур давлат сиёсати мактаби профессори Эдуардо К. Арарал.

Мулоқот давомида маъмурий ислоҳотлар шароитида давлат хизматини ислоҳ этишнинг устувор йўналишлари, ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг ижтимоий-иқтисодий зарурияти, бу борада қонунчилик асосларини такомиллаштириш масалалари, натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимига ўтишда ижро органларини оптималлаштириш босқичлари ва жараёнлари, давлат бошқарувида Сингапур тажрибаси, Грузияда давлат бошқаруви тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тенденцияси каби масалалар муҳокама қилинди.

Қизғин баҳс-мунозаралар давомида қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Давлат бошқаруви тизимидаги маъмурий ислоҳотлар — халққа ихчам ва самарали хизмат кўрсатишни таъминлаши таъкидланди. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ислоҳоти халқаро экспертлар томонидан ижобий қабул қилинди. 

Фотолавҳалар

Чоп этиш