“Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг 4-мавсуми ўқувлари бошланди
Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган махсус Дастур Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси ва Академия ҳамкорлигида ташкил этилди. Дастурнинг очилиш маросимида ҳамкор ташкилотлар раҳбарияти, масъул вакиллари, ўрта бўғин бошқарув кадрлари ва мутахассислари, "Келажак лидерлари" клуби аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Дастур ёш кадрлар компетенциясини ривожлантиришга қаратилган. Тингловчилар Дастур давомида лидерлик, жамоани шакллантириш, тайм-менежмент, лойиҳа бошқаруви, стратегик таҳлил, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш каби соҳаларда сабоқ олишади. Вазирлик, идоралар раҳбарларига дублёр бўлишади.
Очилиш маросимида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов, Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов иштирок этиб, даставвал давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталишди.
Отабек Хасанов халқчил давлат хизматини кўрсатишда ёш давлат хизматчиларининг ўрни ҳақида алоҳида фикр билдирди. Ёш кадрларни давлат хизматига босқичма-босқич тайёрлаш жараёнлари, соҳада эришилган қатор натижалар, шунингдек олдинда турган долзарб вазифалар ҳақида тингловчилар билан суҳбатлашди. Давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришда ёш давлат хизматчиларининг таклиф ва ташаббуслари, креатив фикрлари муҳим эканлигини билдирди. Дастур ишига муваффақият тилади.
Таъкидлаш керакки, истиқболли ёшларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадида “Келажак лидерлари” махсус интенсив малака ошириш дастурининг биринчи мавсуми 2021 йилнинг февраль-апрель ойларида ташкил этилган эди.
Шу кунгача жами 150 нафар битирувчилардан 50% юқори лавозимларга захирага олинган бўлса, 65% эгаллаб турган лавозимига нисбатан юқори лавозимга тайинланди. Улар орасида, вилоят ҳокими ўринбосари, туман шаҳар ҳокими ўринбосарлари, вазирлик идораларда бош бошқарма бошлиқлари борлиги дастурнинг натижадорлигига далолат.
Миллий захирани юқори тажрибага ва замонавий кўникмаларга эга кадрлардан шакллантириш масаласига янада тизимли ёндашган ҳолда “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг навбатдаги мавсумига истисно тариқасида фақат ҳудуларда ташкил этилган “Келажак лидерлари” клублари аъзолари орасидан фаолият олиб бораётган жами 170 нафар ёшлар орасидан 59 нафари танлаб олинди.
Тўртинчи мавсум жорий йилнинг 2 майидан – 10 июнигача давом этади. Тингловчилар 6 ҳафта давомида Давлат бошқаруви академиясининг профессор - ўқитувчилари томонидан замонавий билим ва тажрибага эга бўлишади. Вазирлик ва идораларда стажировка ва дублёрлик ўташади.
Мазкур Дастурнинг яна бир устувор жиҳати, нафақат етук профессор-ўқитувчилардан билим олиш имкони мавжуд, балки 14 та ҳудуддаги юзага келаётган мавжуд муаммоларнинг ечимини биргаликда топиш ҳамда тўпланган тажрибаларни ўзаро алмашиш (нетворкинг) имконияти ҳам бор.
Якунда ўқув дастури босқичлари талабларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга сертификат топширилади.
Фото