БАА билан давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашилмоқда

15:00 - 25 сентябр 2023 Янгиликлар
797

БАА Инсон ресурслари федерал идораси (FAHR) билан ҳамкорлик доирасида “Давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини бошқариш тизими” мавзусида онлайн-семинар ташкил этилди.

Семинар FAHR Сиёсат сектори бошлиғи Айша Ал Сувайди томонидан олиб борилди.

А.Сувайди ўз тақдимотида самарадорликни бошқариш тизимининг норматив-ҳуқуқий асослари, мақсадлари, самарадорликни баҳолашнинг босқичлари, шахсий ва техник компетенциялар, БАА Ҳукумат лидерлик модели, компетентлик даражалари, самарадорликни баҳолашда кўрсаткичлар вазнини ҳисоблаш, самарадорликни баҳолаш натижалари ва улар асосида рағбатлантириш, самарадорликни баҳолаш натижаларини апелляцияга бериш тартиби тўғрисида батафсил маълумот берди.

Онлайн-семинар давомида Bayanati рақамли платформасида давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш қай тарзда амалга оширилиши кўрсатиб берилди. Хусусан, мақсад ҳамда кўрсаткичларни танлаш, уларнинг вазнини белгилаш, ихтисослик бўйича компетенцияларни танлаш, йил давомида мақсад ва кўрсаткичлар ҳамда баҳолаш механизмини ўзгартириш имкониятлари кўрсатиб берилди.

А.Сувайди давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими аниқ ишлаб чиқилган бўлиши ва қоидалар барча учун очиқ бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

Хусусан, FAHR томонидан ишлаб чиқилган самарадорликни баҳолаш тизими ва унинг барча қоидалари ташкилот сайтида тўлиқ жойлаштирилганлиги сабабли бу жараёнда иш берувчи ҳамда давлат хизматчилари ўртасида келишмовчиликлар камдан кам юзага келиши қайд этилди.

Шунингдек, FAHR Сиёсат сектори мутахассиси Аҳмад Ал Муҳайри БААда жорий қилинган инсон ресурсларини бошқаришнинг етуклик индекси бўйича тақдимот қилди.

Унга кўра, инсон ресурслари амалиётининг етуклик даражасини ўлчаш учун фойдаланиладиган механизм функцияларни таснифлашга асосланади. Инсон ресурсларини бошқариш жараёнлари компетенцияларга кўра тўртта асосий устунга бўлинади: бошқарув, ишга олиш самарадорлиги, ривожлантириш, жалб қилиш. Бу устунлар БАА ҳукуматининг стратегик устуворликларига мос келади.

Чоп этиш