Илк маротаба “маҳалладан - республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстириш механизми жорий этилди
Таҳлилларга кўра, вазирликлар марказий аппаратидаги раҳбарларнинг 40 фоизи туман поғонасини кўрмаган, туман миқёсидаги раҳбарларнинг 60 фоизи эса вилоят ёки республика идораларида ишламаган.
Давлатимиз раҳбари давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш юзасидан ўтказган йиғилишида долзарб масалага — давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мазкур ташаббуснинг моҳияти шундаки, эндиликда туман ва шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилади, унга номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади. Компетенциясига қараб, улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади. Ишлар намунадагидек ташкил этилди.
Бошқарувда энг қуйи бўғингача тушишга эришилди
Ўтган қисқа вақт шуни кўрсатдики, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари лавозимларининг жорий этилиши давлат фуқаролик хизмати олдида турган қатор муҳим масалаларни бирламчи бўғинда ҳал қилишга ёрдам бермоқда.
Биринчидан, давлат фуқаролик хизматига 30 мингга яқин садоқатли ва шижоатли, ҳар бир масалага ностандарт ечим топишга қодир янги авлод кадрлари кириб келди.
Иккинчидан, Салоҳиятли кадрлар резерби пастни кўрган, муаммоларни ўрганган, бевосита фуқаролар билан ишлаган кадрлар билан таъминланди.
Учинчидан, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли давлат бошқарувининг бевосита энг қуйи бўғинига қадар кириб боришига ва айнан маҳалла даражасида давлат сиёсатини янада кучайтиришга эришилмоқда.
Салоҳиятли кадрлар резервини шакллантириш тизими қандай йўлга қўйилди?
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги мазкур тизимнинг механизмларини ишлаб чиқди, синовдан ўтказди. Янги тизимга кўра, маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан 1000 нафари Салоҳиятли кадрлар резервига саралаб олинди.
Номзодларни саралаб олиш жараёнида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорлик қилинди. Дастлаб фаолиятда ижобий натижаларга эришган, халқ билан ҳамкорлик қилаётган номзодлар сараланди. Иккинчи босқичда, назарий билимлари ва психологик ҳолатини аниқлаш мақсадида номзодлар тест синовидан ўтказилди. Сўнгра уларнинг касбий ва бошқарув кўникмаларини баҳолаш мақсадида суҳбат ташкил этилди. Суҳбат жараёнида номзоднинг лидерлик қобилияти, тизимли фикрлаши, натижага йўналганлик, мослашувчанлик ва коммуникативлик компетенцияларини аниқлашга алоҳида урғу берилди.
Натижада 754 нафар ҳоким ёрдамчиси, 196 нафар ёшлар етакчиси ва 50 нафар хотин-қизлар фаоли Салоҳиятли кадрлар резервига саралаб олинди.
Салоҳиятли кадрлар резервидаги номзодлар ўз устида ишлади, тажрибали раҳбарларга дублёр бўлди
Учинчи босқичда, номзоднинг касбий ва шахсий ривожланиш режаси ишлаб чиқилди. Бунда, махсус ўқув дастури асосида назарий билимлари мустаҳкамланиб, вазирлик ва идоралар, шунингдек, хорижий стажировка орқали амалий кўникмалари оширилди.
Жумладан, номзодлар бир йилга мўлжалланган шахсий ривожланиш режасини ишлаб чиқди, шунингдек, Масофавий таълим платформаси орқали турли соҳалар бўйича ўз малакасини оширди(Масофавий малака ошириш курси 9 та модуль, 30 та мавзудан иборат, 48 соатга мўлжалланди).
Шунингдек, номзодлар 2 ҳафта давомида ўзлари бириктирилган маҳаллий ҳокимлик, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим) раҳбарлари, уларнинг биринчи ўринбосарларига дублёрлик қилди.
Номзодларнинг маълумотлар базасини тўлиқ шакллантириш, уларнинг рейтингини юритиш мақсадида “zaxira.argos.uz” рақамли платформаси ишга туширилди. Ушбу дастур шахсий ривожланиш режасининг бажарилиши, масофавий малака ошириш курси, стажировка ва дублёрлик натижаларидан келиб чиқиб, номзодларнинг рейтинг кўрсаткичларини шакллантиради ҳамда уларни автоматик тарзда “олтин”, “кумуш” ва “бронза” захираларга ажратади.
“Олтин” захирага киритилган номзодларнинг 4 нафари илғор тажрибаларни ўзлаштириш мақсадида Хитой Халқ Республикаси, 20 нафари эса Россия Федерациясига стажировка ўтаб қайтди.
Ўтган давр ичида меҳнат фаолиятида ижобий ютуқларга эришган Салоҳиятли кадрлар резервидаги номзодларнинг 158 нафари турли даражадаги лавозимларга тайинланди.
Мамлакатимизда “инсон – жамият – давлат” деган тамойил устувор этиб белгиланган. Барча соҳаларда одамларга қулайлик яратиш чоралари кўрилмоқда. Ислоҳотларни самарали ташкил этишда энг қуйи тизим — маҳаллада одамлар билан мулоқот қилган, уларнинг ташвиши билан юриб, натижа кўрсатган салоҳиятли кадрларга суянади. Ушбу Резерв ана шундай кадрларни саралаш ва уларни раҳбарликка тайёрлашда муҳим институт сифатида намоён бўлмоқда.