Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Жаҳон банки вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди

14:15 - 5 июн 2024 Янгиликлар
1017

Жорий йилнинг 4 июнь куни Жаҳон банки экспертлари томонидан “Давлат фуқаролик хизматида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини ислоҳ қилиш: Хорватия ва Руминия тажрибаси” мавзусида онлайн тақдимот ташкил этилди.

Мулоқотда Жаҳон банкининг етакчи мутахассислари Педро Аризти, Димитри Василе, Шихо Нагаки ва Изза Акрам Малик, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул вакиллари ҳам иштирок этди. 

Тақдимотда Жаҳон банкининг экспертлари Хорватия ва Руминиянинг давлат секторида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг натижалари хусусида атрофлича маълумот беришди. Хусусан, ушбу давлатларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тизими адолат, шаффофлик, ички келишув ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган. 

Учрашувда давлат хизматида меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини ягона стандартга олиб келиш, ходимнинг шахсий кўрсаткичлари ва фаолият самарадорлиги билан боғлаш, лавозим (касб) ва функциялар таҳлилини ўтказиш зарурлиги таъкидланиб, бу борада Европа мамлакатларида эришилган натижалар муҳокама қилинди.  

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда давлат хизмати жозибадорлигини янада ошириш, шу жумладан, давлат хизматчиларига меҳнатга ҳақ тўлаш(ходимнинг шахсий кўрсаткичлари ва фаолият самарадорлиги билан боғлаш масаласи) ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилишди. 

Жаҳон банки вакиллари ушбу соҳада халқаро миқёсда тан олинган илғор тажрибаларни жорий этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Чоп этиш